Таҳлилий журналистикани сифати ва ҳолати бўйича сўз эркинлиги, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги даражасини баҳолашади. ОАВ каналининг таъсир кучи даражаси таҳририят таркибида журналист-шарҳловчилар, шарҳловчилар, текширув ишлари олиб боруувчи ижодкорлар мавжудлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам дунёнинг ривожланган давлатлари матбуотида колумнистлар, шарҳловчилар, таҳлилчиларга катта аҳамият берилади.
Ўзбекистон масс-медиасида шарҳловчилик амалиёти чет эллардагидек кенг қамровга эга эмас. Мамлакатимиз шарҳловчилик ва таҳлилчилик мактаби ҳали бошланғич босқичда турибди. Муаммоларни кўтариб чиқиш ва тадқиқ этишдаги жасорат, дадиллик, фактлар, воқеа ва ҳодисалар таҳлилига янгича ёндашув, оғриқли масалалар тўғрисида ўз вақтида ва заковат билан айта олиш, долзарб зиддиятлар ечимини топиш йўлларини кўрсатиш, энг муҳими, кўп миллионли аудиторияга турли фикрлар ҳисобга олинган ва қизиқарли таҳлилни етказиш – уларнинг касбий муваффақиятини таъминловчи асосий жиҳатлар ана шулардан иборат.
Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан ЎзМУ, ЎзДЖТУ ва Қорақалпоғистон давлат университети журналистика факультети талабалари учун ўтказилган семинар-тренингда ОАВ қонунчилигини такомиллаштириш таҳлилий журналистиканинг ўрни, сиёсий кузатувчи, шарҳловчи, таҳлилчининг асосий компетенциялари, замонавий медиа-технологиялардан фойдаланган ҳолда шарҳ ва таҳлилий нашрни тайёрлаш кўникмаларини ривожлантириш, сиёсий шарҳ тайёрлаш методикаси, факт ва уни баҳолаш борасидаги билимларини ошириб, замонавий медиа-технологиялар тақдимотларидан фойдаланган ҳолда шарҳ тайёрлаш бўйича амалий кўникмаларини шакллантирдилар.