Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жизззах шаҳрида ўзининг навбатдаги семинар- тренингини муваффақиятли ташкил этди.
«Журналистлар, ННТ фаоллари ва блогерларнинг коррупцияга қарши курашиш масалаларини ёритиш бўйича салоҳиятини ошириш»га қаратилган тренинг давомида иштирокчилар билан ишчанлик ўйинлари, ўзаро баҳсли мулоқотлар, коррупцион вазиятлар бўйича саҳна кўринишлари, дискуссион савол-жавоблар ўтказилди.
Давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун моҳиятини бизнинг малакали медиа-тренерларимиз хорижий давлатлар, ҳусусан, АҚШдаги қонунчилиги билан таққослаб тушунтириб бердилар. Наргис Қосимова, Авазхон Ҳайдаровлар бугунги кунда ОАВ олдида турган вазифалар юзасидан зарурий тушунча, маслаҳат ва тавсиялар бердилар.
Шуниндек, маърузачи-тренерлар инновацион усулларда, видеороликлар, кўргазмали воситаларнинг хозирга даврда коррупцион холатларни оммага содда ва тез етказишнинг энг самарали восита эканлигини таъкидлаб, мисоллар ёрдамида кўрсатиб беришди.
Ўйлаймизки, бу каби семинар-тренинглар ОАВ салоҳияти ва сифатини ошириш, ушбу мавзудаги журналистик суриштирув йўналишини ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг коррупцияга қарши курашиш мавзусида материал тайёрлашга бўлган рағбатини уйғотиш ва маҳоратларини оширишда жуда муҳим роль ўйнайди.