Жамият ахборот хавсизлигини таъминлаш борасидаги қонун ҳужжатларини амалиётга тадбиқ этишнинг иккита ёндашуви бор: қонунлар барчага – фуқаролар, ташкилотлар ва давлат манфаатлари балансига асосланиб, жамиятни “ахборот таҳдидидан ҳимоялаш” мақсадида ахборот алмашинувининг оқилона режимини ўрнатади ёки аксинча, шу мезон баҳонасида ахборот каналларини ёпади.
Оммавий ахборот воситаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди: амалдаги конституциявий тузумни, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини зўравонлик билан ўзгартиришга чақириш; уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш; давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш; миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатувчи маълумотларни тарқатиш; гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни, порнографияни тарғиб қилиш; қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш таъқиқланади. Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати ёки обрўсини камситишга, шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўйилмайди. Суд қарори эълон қилиниб, қонуний кучга кирмагунча, прокурорнинг ёки терговчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини ОАВ, ижтимоий тармоқларда эълон қилиш қонунга хилоф (“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун, 6-модда).
Журналистлар ва ОАВ учун очиқ маълумотлар
Ўзбекистон очиқ маълумотлар порталида https://data.egov.uz/rus турли соҳалар йўналишидаги минглаб маълумотлар жойлаштирилган. Журналист ҳар бир соҳа маълумотларига кириб, очиқ рўйхатни кўрмасдан ҳам, қандай маълумотлар ёпиқликка таснифланмаслигини билиши фойдалидир. Буларга қуйидаги маълумотлар киради:
- аҳоли хавфсизлиги ва саломатлигига таҳдид солувчи фавқулодда вазиятлар, офатлар, табиий офатлар, уларнинг расмий прогнозлари, оқибатлари тўғрисида;
- экология, соғлиқни сақлаш, санитария, демография, таълим, маданият, қишлоқ хўжалигининг ҳолати, шунингдек жиноятчилик ҳолати тўғрисида;
- давлат томонидан бериладиган имтиёзлар, компенсациялар тўғрисида;
- фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши фактлари тўғрисида;
- олтин заҳиралари ва давлат валюта заҳиралари миқдори тўғрисида;
- юқори мансабдор шахсларнинг соғлиғи ҳолати тўғрисида;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар.
Буларнинг барчаси ОАВ (шунингдек, бошқа фуқаролар) учун очиқ маълумотлар бўлиб, таҳририят ёки журналист сўровига биноан тақдим этилиши шарт.
Журналист махфий ҳужжатлар билан қандай ишлаши керак?
Баъзида журналист учун таркибида давлат сирлари ёки махфий сақланиши керак бўлган ҳужжатлар, маълумотлар, объектлар билан танишиш зарурияти пайдо бўлади. Айтиш жоизки, маълумотлар қонунан икки турга ажратилади: биринчиси бу – умумий фойдаланиш учун, яъни очиқ маълумотлар; иккинчиси – фойдаланиши чекланган маълумотлар. Фойдаланиши чекланган маълумотлар (давлат сирлари, сирлар, махфий ҳужжатлар) билан ишлашда журналист энг аввало махфийлик нима эканлигини, қандай маълумотлар қонунан сир сақланишини, белгиланган мавзу доирасида нималарни ёритиши кераклиги ва қайси мутахассислар материалга эксперт сифатида таклиф этилиши, ўзига керакли маълумотни кимдан қандай олиши мумкинлиги ҳақида режа тузиш билан бирга қонун доирасида ҳимояланган ахборотни ошкор қилганлик учун қандай жазо белгиланиши ҳақида ҳам билиб олиши зарур. Бир қарашда бу майда ишдек туюлади, лекин қунт қилинса, амалга ошириш мумкин. Чунки қонун ҳужжатлари ҳам очиқ маълумотлар сирасига киради.
Баъзи ташкилотларнинг ахборот хизматлари ички тартиб-қоидаларни рўкач қилиб журналистга муаммоли мавзуларни ёритишда керак бўладиган маълумотларни бермаслиги мумкин. Бундай ҳолатда журналист асос-ҳужжат талаб қилиш ҳуқуқига эга. Кўпинча, бу каби ҳолатларда ташкилот ҳужжатидаги махфийлик рўйхатлари ҳажми катта ва ортиқча кўрилган эҳтиёт чораси сифатида мураккаблашиб кетган бўлади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 98-моддасига хизмат ва тижорат сирлари тўғрисидаги меъёр киритилган. Бироқ, ҳужжатда маълумотларни тайинлаш учун ягона тартиб жорий этилмаган. Бу шуни англатадики, корхона ва ташкилотларнинг ички тартиби доирасида ўрнатилган махфий маълумотлар сираси кўп ҳолатларда асоссиздир. Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, норматив ҳужжатларда кўзда тутилмаган ҳар қандай махфийликни ихтиро қилишдаги “ҳаваскорлик фаолияти” ҳам мутлақо ноқонуний ҳаракат деб баҳоланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йилдаги “Давлат сирлари сақлаш тўғрисида”ги қонунидаги 3-модда – давлат сирларининг категориялари, 5-модда – ахборотларни давлат сирларига мансуб деб топиш, 7-модда – ахборотларни махфийлаштириш муддатлари ҳақидаги меъёрлар мавжуд бўлиб, ҳар қандай сир ёки махфийлик даражаси ушбу қонунлар доирасида кўриб чиқлиши ва уларга асосланиши зарур. Шундагина, маълумотлар қонунан “ёпиқ маълумотлар” сирасига киритилиши ва расман ҳужжатлаштирилиши мумкин.
Мазкур қонун “давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмалар, Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий тузилмалари ва фуқароларининг республика ҳудудидаги ҳамда унинг ташқарисидаги фаолиятининг барча турларида давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асослаб бериб”, “мутлақо махфий ва махфий бўлган ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ҳисобланади” (1-модда). Демак, махфийлик бирор соҳа фаолияти ва давлат хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган иккита асосий хусусиятга эга бўлиши керак.
Давлат сирлари журналист ёки блогерларни қўрқитиш учун ўйлаб топилган уйдирма эмас, бу аниқ асосланган ҳужжатдир. Журналистлар мазкур ҳужжат билан танишиш ҳуқуқига эга. Бу жараён давлат органи ёки хавфсизлик муассасаси раҳбарининг рухсатини, махфийликка алоқадор шахсларнинг ҳуқуқларини вақтинча чеклашга розилигини талаб қилади (“Давлат сирлари сақлаш тўғрисида”ги қонун, 8-модда). Журналист ва блогерлар махфий ҳужжатлар билан танишиш ҳужжатига имзо қўйгач, улар махфийликка алоқадор шахс сифатида ҳуқуқлари вақтинча чекланиши мумкин. Агар журналист ҳужжатда соҳталаштирилиш ёки махфий рўйхатга ўзбошимчалик билан киритилган маълумотларни аниқласа, иш юзасидан суд орқали эътироз билдириши мумкин.
Журналистнинг махфий маълумотларга эга бўлиши билан ушбу маълумотларни ошкор қилиш масъулияти бошқа-бошқа масалалардир. Агар журналист беихтиёр тарзда махфий маълумотларни қўлга киритган бўлса, вазият бошқача тус олади. Жиноят кодексига кўра, давлат сирлари, махфий ҳужжатларга масъул шахслар белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда иш тутса жавобгарликка тортиладилар (“Давлат сирлари сақлаш тўғрисида”ги қонун, 10-модда). Буни қарангки, барча қонун талаблари ушбу мезонлар асосида ишлайди – хизмат юзасидан журналист турли маълумотларни йиғади. Бироқ, махфийликка масъул шахсларга оид мезонлар контексидан маълумки, давлат сирлари билан ишлаш журналистнинг мажбуриятига кирмайди. Бу эса ўз навбатида, махфий маълумотни ошкор қилганлик учун жавобгарликни талаб қилмайди.
Фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотлар қандай ҳимояланади?
Фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларнинг ҳимояси қонунларда белгилаб берилган. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда бу борада қуйидаги таъриф берилган: шахс, жамият ва давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш (19-модда). Ушбу таъриф шахсий маълумотларнинг тўлиқ концепциясини бермайди. Бироқ қонун доирасида шахсий ва оилавий маълумотларни, ички ёзишмалар, телефон суҳбатлари, почта, телеграф ва ижтимоий тармоқлардаги шахсга доир маълумотларни йиғишни, сақлашни, улардан фойдаланишни ва тарқатишни таъқиқлайди. Давлат ёки бошқа ташкилотлар томонидан тўпланадиган шахсий маълумотлар рўйхати мавжуд қонунчилик доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган, яъни давлат ташкилотлари ва жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотларини йиғиш, уларни қайта ишлаш, тарқатиш билан боғлиқ фаолиятлар лицензияланиши керак.
Турли фаолият соҳаларида шахсий маълумотлардан фойдаланишга махсус, профессионал чекловлар қўядиган қонунлар мавжуд. Масалан, 1996 йилда қабул қилинган “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни томонидан шахсларнинг шахсий омонат ва операциялар сирлари ҳимояланган. Шунингдек, “Фуқаролар соғлиғигини сақлаш тўғрисида”ги қонунда (1996) шахсга доир тиббий маълумотлар ҳам ҳимоя остига олинган. Шундай қилиб, шахсий сирларни сақлаш мезонлари профессионал сирларни ўрнатиш учун асос бўлади.
Бу борадаги қонун нормаларининг кўплиги ва уларнинг турли хил ҳуқуқий ҳужжатлар бўйлаб тарқоқ ҳолдалиги шахсий маълумотларни ҳимоялаш бўйича янги махсус қонун ҳужжатини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бунга яна бир сабаб электрон алоқа тизимининг жадал ривожланишидир. Ахир кечагина шахсга доир касаллик тарихи фақат ва фақат даволовчи шифокорнинг дафтарида қайд этиларди. Бугунги кунда бу маълумотлар компьютерларга киритилди ва улар деярли ҳамма учун очиқ. Бунинг “плюс” томони кузатув камераларида идентификациялаш орқали кўчада хушидан кетган шахсга тиббий ёрдам кўрсатишни тезлаштиради. Яъни тез ёрдам ходимлари ҳодиса жойига етиб келгунича компьютер орқали беморнинг касаллик варақаси ўрганилади ва керакли дори воситалари тайёрланади. “Минус” томони шахсга доир маълумотлар интернет ахборот тизимларида барча учун очиқ ҳолда бўлиши, кимларнингдир ғаразли мақсадларига хизмат қилишидир. Маълумотларнинг электронлаштирилиши давлат хизматлари иши жараёнини енгиллаштириш билан бирга, давлатга, шахсга доир баъзи маълумотларнинг хавфсизлигига хатар солмоқда.
Журналистнинг бирор шахс тўғрисида беихтиёр тарзда ОАВда хабар бериши шахсий манфаатларга зид ҳаракат тарзида талқин этилиши мумкин. Фуқаролик кодексига кўра мазкур шахс журналист устидан шикоят қилиб, маънавий, моддий зарарни қоплаш масаласини суд орқали ҳал қилишга ҳақли.
Масалан, етим болалар ҳақидаги мақолага дуч келган бир фотосурат билан тўлдириш ҳолати газеталарнинг бирида юз берган (1990-йиллар). Гап шундаки, мақолага илова қилинган суратдаги бола етим эмас, ота-онали бола эди. Бу англашмовчилик юзасидан боланинг ота-онаси таҳририятга мурожаат қилганларидагина маълум бўлган. Бу ҳолатда таҳририят “узр” сўраш билан чекланган эди. Хозирги вазият ва қонунлар бошқа.
Ёки фотомухбир сиёсий митинг жараёнини суратга олиш пайтида эҳтиётсизлик қилиб, жараён фонида тасодифий ўткинчилар акс этган суратларни ОАВда эълон қилган бўлса; таниқли бир шахснинг телефон суҳбатлари ёзилган аудио-контентни ОАВга бериб юборилса; терговга маълум бўлган шахсий тиббий хулосаларнинг ОАВга тарқатилиши, шахсий ҳаётга тегишли бўлган жараёнларни яширинча ёки хонадонга бостириб бориб тўсатдан олинган видеоёзувларни ижтимоий тармоқларга тарқатилса… бундай ҳолатлар миллий журналистикамиз ва блогерлик фаолиятимизда жуда кўплаб учрайди. Тасодифан ёки кимларнингдир манфаатлари йўлида хизмат қилишига қаратилган бу каби контентлар устидан ҳам тегишли идораларга мурожаат этиб, қонун доирасида журналистлар, блогерлар ва бу қилмишларни амалга оширган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш мумкин.
Видео-, аудио-ёзувга олиш учун тегишли шахснинг розилигини олиш зарур, шу билан бирга яширин тарзда видео ёки аудио ёзиш бутунлай таъқиқланмайди. Бу ҳаракатлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида олиб борилишини тақазо этади. Яъни, бу масаланинг ечими бир нечта қонунлардаги мезонлар асосида ҳал этилиши мумкин.
Айнан шу масала “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун ҳужжатининг 5-бобига киритилиб, 2019 йилда қайта таҳрир муҳокамасига қўйилган эди. Муҳокама ҳужжатида 5-боб, 42-модда “Яширин ёзув”:
- Яширин аудио ва видео ёзувлар, кино ва фотосуратлар ёрдамида тайёрланган хабарлар ва материалларни тарқатишга қуйидаги ҳолларда рухсат берилади:
- яширин ёзувдаги шахсларнинг ўз розилиги билан;
- агар яширин ёзув шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига, қонуний манфаатларига зид келмаса;
- агар жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш зарур бўлса ва яширин ёзувдаги шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаслиги чоралари кўрилса;
- агар ёзувни намойиш қилиш суднинг қарори билан амалга оширилган бўлса. https://regulation.gov.uz/uz/document/9185
меъёрлар қайд этилганди. Лекин 42-модда муҳокамада қабул қилинмаган, қонун ҳужжати ўзгаришсиз қолган. Амалдаги қонун 40 та моддадан иборат (https://lex.uz/docs/1106870).
ОАВ ёки журналистга таҳдид
Баъзида журналист ёки блогерларнинг ўзлари ноқонуний кузатув нишонига айланади. ОАВ вакилларига нисбатан бу каби “юқори эътибор” уларнинг профессионал фаолиятлари билан боғлиқ. Журналист бирор бир мансабдор шахснинг ноқонуний тижорат ишларини фош этиши ҳам ўзининг шахсий хавфсизлигига дахл этиши турган гап. Гарчи журналист қонун доирасида иш тутиб, маълумотларни очиқ ахборот тизимларидан, ташкилотлардан, мутахассислардан, шахсий кузатувлари, суриштирувлари орқали олган бўлиб, материал журналистиканинг барча талаблари доирасида бажарилган (“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, 9-модда) бўлса-да, бу унинг хавфсизлигига кафолат бўла олмайди.
Агар ноқонуний ишлари фош этилган шахс машҳур амалдор бўлса, у ҳолда журналистга дарров ва тўғридан-тўғри таҳдид этмайди. Чунки у ахмоқ эмас, эълон қилинган материалдан кейин бутун журналистлар аҳли, халқ уни кузатаётганини билади. У то материал ўрнини бошқа бирор сенсация эгаллаб, одамлар бу ҳақда унутмагунча журналистга тегмай, сабр қилади. Ҳатто бу орада у журналистни тасодифий фалокатлардан ҳимоя қилади. Чунки биладики, журналистнинг бошидан бирор туки тўкилса ҳам гумонлар унга бориб тақалади.
Ўткир сюжетли материал муддати ўтиб, сувлар тингач, фош этилган амалдорнинг “узун қўллари” журналистнинг барча йўлларини тўсишга йўналтирилади, фаолиятига чек қўйиш ҳаракатлари бўлади. Бу ҳам иш бермаса очиқдан-очиқ таҳдидларга ўтилади. Агар журналист аёл бўлса, у ҳолда унинг оиласи, турмуш ўртоғига қўнғироқлар бўлиб “хотинингни тийиб қўй” деган таҳдидлар тарзида давом этади.
Аммо ҳамма фош бўлганлар ҳам бундай йўл тутавермайди, баъзилари ўзига қаттиқ ишонади ва журналистга, ҳатто ОАВга таҳдид қилишни кечиктириб ўтирмайди. Таҳдидлар очиқ ёки ёпиқ амалга оширилади. Очиқ таҳдидда журналист ўзига моддий, маънавий зарар ким томонидан ва нима учун келаётганини билади. Ёпиқ таҳдидда бунинг иложи йўқ. Бунда таҳдид моҳияти ўзгармайди, зарар моддий, маънавий ва ҳатто, жисмоний бўлиши мумкин. Лекин бу зарарлар ким томонидан етказилаётганини билиб олиш қийин кечади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, “бирон-бир юридик шахснинг, шу жумладан сиёсий партиянинг, диний ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотининг, шунингдек жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиши тақиқланади” (Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилдаги “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуни, 17-модда). Тезкор-қидирув деганда журналистнинг шахсига нисбатан маълумотлар йиғиш ишларини назарда тутади. Шу қонуннинг 10-моддасида эса тезкор-қибирув ишларини олиб боришга ҳақли бўлган органлар, уларнинг ҳуқуқлари (12-модда), мажбуриятлари (13-модда) тезкор-қидирув тадбирини ўтказиш учун асослари (15-модда) белгилаб берилган. Бу қонун меъёрларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, шахс ҳақида суриштирув ишларини олиб бориш учун маълум бир ваколатга эга бўлиш керак.
Журналист шу ва бошқа мавжуд қонунларга асосланган ҳолда таъқиб олиб бораётган шахс устидан тегишли идораларга мурожаат этиши керак. Таҳдиддан ҳимоя чораси сифатидаги бу таклиф кулгили туюлар, айниқса, фош бўлган қаҳрамонимиз нуфузли шахс бўлса. Лекин “қонун ҳамма учун баробар” деган иборани эслатиш жоиз (янаям кулгули бўлса-да). Ҳар соҳада “жамоатчилик назоратини кучайтириш” масалалари долзарб бўлиб турган бир пайтда, ижтимоий тармоқларнинг роли беқиёс бўлмоқда. Ижтимой тармоқлар ҳимоя чораларидан бири сифатида журналистнинг “жонига оро” бўлиши тайин. Чунки журналист ўзига нисбатан бўлаётган таҳдидлар ҳақида ижтимоий тармоқларда жамоатчиликка гапириб бериши мумкин.
Муҳайё Саидова, журналист.