«Барқарор ҳаёт» халқаро ижтимоий-маърифат маркази томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гурухларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмни олдини олишга кўмаклашиш» лойиҳаси бугунги кунга келиб касб ўрганиш истигидаги йигит-қизларни чинакамига ҳунарли қила олмоқда. Ушбу курслар орқали ёшлар иш бошлаб, оиласига даромад келтирмоқда.
Куни кеча қандолатчилик курсини бир қатор хотин-қизлар бир ой ўқиб тугатишди. Якунда эса ўрганган билимлари асосида амалиётда турли ширинлик ва тортларни тайёрлаб махоратларини намоён қилди. Улар орасида Мадина Шохсаломатова ҳам бор.
Мадина Шохсаломатова. Термиз шаҳридаги «Шифокор» маҳалласида истиқомат қилади. 33 ёшда. Тенгдошлари қатори ҳунар ўрганиб, ишлаш истагида эди. Аммо ўқув курсларида ўқишга имконияти етмаган бир вақтда танишларидан «Барқарор ҳаёт» халқаро ижтимоий-маърифат маркази ҳақида эшитди. Қизиқиш билан марказга келган Мадина қандолатчилик курсида ҳунар ўргана бошлади. Ўтган вақт давомида курсда турли хилдаги ширинликлар, тўй тортларини пиширишни ўрганди.
Эндиликда уйида турли қандолат махсулотларини тайёрлаб сотиб оиласига даромад келтириш ниятида бўлган Мадина ташкилотчилар ва марказ ходимларидан миннатдор.
Мастура Хамраева