2021 йилнинг 10 сентябрь куни Қашқадарё вилояти «Юксалиш» ахборот-маслаҳат ресурс маркази Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида «Маҳаллаларда ёшларнинг муаммоларини ўз вақтида аниклаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга юридик ва ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ижтимоий хамкорлик механизмлари» мавзусида давра суҳбатини ташкил этди.
Тадбир Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида ўтказилди. Унда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари тингловчилари – маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари қатнашди. Давра суҳбатида аҳолининг заиф гуруҳлари вакилларининг муаммо ва эҳтиёжларини аниқлаш йўллари, уларга юридик, ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди. Тадбир якунида маҳалла фаоллари ва «Юксалиш» ахборот-маслаҳат ресурс марказининг ҳамкорликдаги фаолиятини янада кенгайтириш хусусида келишиб олинди.
Қуйида тадбир иштирокчиларининг мазкур лойиҳа ва давра суҳбати ҳақидаги таассуротлари ва фикрларини келтириб ўтамиз.
Зулайҳо Раҳимова (Шаҳрисабз тумани Мактобод МФЙ):
-«Юксалиш» ахборот-маслаҳат ресурс маркази ҳақида олдин ҳам кўп эшитган бўлсам-да, унинг фаолияти қамрови шу қадар кенг эканлигини билмаган эканман. Айниқса, ушбу ташкилотнинг ёшлар ва хотин-қизлар муаммолари билан жиддий ва ваколатли шуғулланиши ҳамда аёллар радикаллашувининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишидан қаттиқ таъсирландим. Бугундан бошлаб шу марказ вакиллари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидаман…
Насиба Эшонқулова (Қамаши тумани Гулшан МФЙ):
-Давра суҳбати одатдаги зерикарли мажлислардан фарқли равишда жуда жонли ва қизиқарли ўтди. «Юксалиш» маркази вакиллари ўз ташкилоти ва лойиҳаси, жамиятимизда мавжуд муаммолар, зўравонлик ва экстремизмни келтириб чиқарадиган омиллар ҳақида маъруза шаклида эмас, очиқ мулоқот тарзида кенг маълумотлар беришди. Бошқалардек муаммоларни қалаштириб ташлаб, «Сизлар шуларни ҳал қилишларингиз керак!», дейишмади. Аксинча, «Биз шу муаммоларни бартараф этишда Сизга кўмак беришга тайёрмиз!» дея ёрдам қўлини чўзишди. Бу эса ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.
Адолат Норчаева (Касби тумани Хўжақарлиқ МФЙ):
-Маҳалламизда яшовчи фуқаролар, айниқса, айрим нотинч оилаларда турли ҳил муаммолар, кўп вақтдан буён ечими топилмай ётган чигал масалалар мавжуд. Уларни, имкони борича, ҳал қилишга уринсак-да, баъзи ҳолларда шу муаммо ва масала ёки инсон руҳиятини яхши тушунадиган малакали мутахассис топа олмаймиз. Бугунги тадбирда «Юксалиш» марказининг психологи, юристи, ижтимоий ходими томонидан лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида эшитгач, энди маҳалладошларимизни қимга йўналтириш мумкинлигини англадик. Айрим масалалар бўйича эса, табиийки, ўзимиз ҳам «Юксалиш» билан алоқага чиқиб, мутахассислардан маслаҳат сўрашимиз аниқ.
Гулруҳ Эшбўтаева (Шаҳрисабз шаҳри Камолот МФЙ):
-«Юксалиш» маркази томонидан ишсиз ёшлар ва хотин-қизларга касб-ҳунар ва бизнес асосларини ўргатиш учун ташкил этилган курслар ҳақида чиройли видеороликни кўриб, амин бўлдимки, бу лойиҳа кўплаб инсонларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартираяпти.
Ҳаётий тажрибамдан ўқувсизлик ва ишсизлик одамни тушкунликка тушириб, нотўғри йўлга, жиноят кўчасига етаклаши мумкинлигини яхши биламан. Ва, аксинча, зарур билим ва кўникма, яхши ҳунар ва даромад манбаига эга бўлиш инсонга нечоғлик куч-ғайрат ва ишонч бағишлаши барчага маълум. Шу нуқтаи назардан, ҳеч шубҳасиз, «Юксалиш»нинг лойиҳаси одамларни яратувчаликка ундаяпти.