jqtm
Yuklanmoqda...

Журналист қалами: ҳар қандай коррупцион занжирни узишга қодир(ми?)

Ривожланишни ортга сураётган, келажакка ишончимизни пучга чиқараётган ҳодиса ва ҳаракатларнинг олдини олиш, унга қарши курашишнинг қандай чоралари бор? Ижтимоий-иқтисодий соҳалар, хусусан таълим ва тиббиётда урчиб кетган коррупцияга қарши курашишда, айниқса журналистлар нималарга эътибор қаратиши керак?

29-30-июнь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилган семинар-тренингда ушбу долзарб мавзуларда материаллар тайёрлаш методикаси атрофлича ўрганилди.

“Ижтимоий-иқтисодий соҳада коррупцияга қарши курашиш:  Ўзбекистон ОАВда ёритилиши” мавзусидаги тренингда бир гуруҳ журналистлар, блогерлар ва ННТ вакилларининг малакаси оширилди.

ЎзМУ журналистика факультети профессори, Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази (ЖҚТМ) тренери Ёқутхон Маматова, ЖҚТМ директори Гулнора Бабаджанова, “Ўзбекистон 24” телеканали катта муҳаррири, тренер Нозима Тошпўлатоваларнинг мавзу юзасидан маърузалари, тақдимот ва муҳокамалар, савол-жавоблар асосида тренинг қизғин ўтди.

  • Жамиятда иқтисодий муносабатлар ўзгариб бориши билан коррупция йўқолиб қолмайди. Аксинча бир тизимдан бошқа бир янги тизимга ўтиб бораверади. Унинг илдизини йўқотишда жамият аъзоларида ўз муаммосини пораларсиз билим асосида ҳал этиш маданиятини шакллантириш жоиз. Бу борада журналистлар энг катта куч, пухта материаллар билан йўл кўрсатувчи бўлиши керак, – дейди тренер Ёқутхон Маматова.

Тренингда иштирокчиларнинг Ўзбекистонда коррупцияга барҳам беришнинг ҳуқуқий асослари, порахўрлик ва таъмагирликнинг олдини олишда жамоат ҳамда давлат ташкилотларининг ҳамкорлиги, ижтимоий йўналишда антикоррупцион материал тайёрлаш методикаси, журналист суриштирувини ўтказиш технологиялари бўйича малакаси оширилди.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Марат Хаджимухамедов турли вилоятлар кесимида ўтказилган социологик таҳлилларнинг натижалари билан таништириб, коррупция миқёси ва унинг олдини олиш борасидаги ишларни жадаллаштириш нечоғлик долзарб эканлигига журналистлар эътиборини қаратди.

Тренингда ўрганилган билим ва кўникмалар уларнинг изидан ўтказилган фидбек, мавзу юзасидан медиарежалар тузиш ва тренерлар тавсиялари асосида янада мустаҳкамланди.

Мухтасар Исоқова, журналист