jqtm
Yuklanmoqda...

Даврон Бўриев: Тренинг жуда қизиқарли ва фойдали бўлди

Тренинг ва семинарлар деганда расмиятчиликка тўла, фақат ҳисоботларни тўлдириш учун ўтказиладиган манзара гавдаланарди кўз олдимда. Битта-иккита ақллироғи минбарга чиқиб олиб, сафсата сотадиган тадбир бўлса керак, деб ўйлардим шу пайтгача. Аммо охирги икки кунда фикрим буткул ўзгарди. Бунга сабаб – 31 март ва 1 апрел мен кунлари қатнашган “Ўзбекистон журналистика факультетлари талабаларининг иқтисодий журналистика бўйича салоҳиятини ошириш” мавзусидаги тренинг.

Тренингда ЎзМУ, ЎзЖОКУ ва ЎзЖТУда таҳсил олаётган журналист талабалар иштирок этдик. Таассуротлар ва хулосалар ҳақида қуйида қисқача айтиб ўтсам.

  1. Ўзим каби шу йўналишда таҳсил олаётган ёшларнинг билим доираларини, тафаккур қобилиятларини кўриб, ўзимдан уялиб кетдим. Улар билан бўлган фикр алмашишлардан кўп нарсаларни ўзим учун кашф этдим.
  2. Умримда илк бор ҳақиқий баҳс-мунозарага киришдим (кўпчиликда шундай, менимча). Баҳсларда ҳақиқий фикрий мунозаралар бўлгани менга ёқди. Баҳсларимиз ҳам тренингга мос иқтисодий мавзуларда бўлгани учун ҳаммамиз ўзимиз тегишли бўлган муассаса ва ташкилот номидан (рамзий маънода, албатта) қатъий позициямизни билдирдик.
  3. Бу баҳсларда манфаатлар тўқнашувига ҳар қадамда дуч келавердик. Чунки иқтисодий масалаларда бу жараён ўта муҳим роль ўйнайди. Баҳсимиз мавзуси ва ундаги алоҳида хусусиятлар ва олган таассуротларим ҳақида кейинроқ ёзиш ёки айтиб бериш ниятидаман.
  4. Жамоавий ҳолда ишлаш малакасини оширдик. Айниқса, жамоадошлар аниқ ва мақсадли танланганда ҳар қандай масалага ечим бериш, ҳар қандай муаммоли вазиятлардан осон чиқиб кетиш мумкинлигини чуқур ҳис қилдим.
  5. Мен учун журналист ҳар бир кўтарилган масалага қайсидир ракурсдан қараш кераклиги, ҳар доим у ёки бу томон манфаатларига ҳизмат қилиши ойдинлашди. Бунда тарафларни ҳар доим адолат тарозисида ўлчаб, уларнинг қайси бири ҳақ эканлигини аниқлаш лозим. Шундагина журналист ўз касбига садоқат кўрсатади, Ҳақнинг олдида ҳам, халқнинг олдида ҳам юзи ёруғ бўлади, менимча.
  6. Иқтисодий мавзулардаги мақолалар ўзбек нашрларида ниҳоятда камлигига ҳам гувоҳ бўлдим. Бунга сабаблар бор, албатта. Жупналистларнинг иқтисодни тушунмаслиги, давлатнинг бу борада шаффоф статистикаларни бермаслиги, амалдорларнинг бу нозик масалага қаттиқ қараши ва журналистга босимлар ўтказиши кабилар шулар жумласидан.
  7. Иқтисодиёт ва сиёсатнинг бир-бирига чирмашиб кетганлиги, уларни бир-биридан ажратиб, бирини иккинчисидан устун қўйиш (“Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги” каби тамойиллар) асло мумкин эмас, деган хулосага келдим.
  8. Ўзбекистон шароитида иқтисодий журналистика соҳасида яҳшигина таҳлилий ва танқидий мақолалар, журналистик суриштирувлар ўтказиш мумкин экан. Фақат журналист озроқ журъат топса, кифоя. Тўғри, цензура бўлади. Аммо бундай материаллар оммани иқтисодий вазиятимиздан яхшигина хабардор қилиш ва давлатнинг бу бўйича шаффофроқ ва яхшироқ ишлашини таъминлашга сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Шундай тренинглар ҳар ойда бир марта бўлса ҳам ташкиллаштирилса, яхши бўлади, назаримда. Ҳар хил мавзуларда, албатта. Бу таклифни ташкилотчиларга ҳам бердим. Таассуротлар ҳақида яна ёзаман. Ҳозирча шу.

Даврон Бўриев