jqtm
Yuklanmoqda...

Ўзбекистон журналистика факультетлари талабаларининг иқтисодий журналистика бўйича салоҳиятини ошириш

“Ўзбекистон  журналистика факультетлари талабаларининг иқтисодий журналистика бўйича салоҳиятини ошириш” мавзусидаги тренинг Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан  2023 йил 31 март ва 1 апрель кунлари ЎзМУ, ЎзЖОКУ ва ЎзЖТУ журналистика факультети талабалари учун ташкил этилди. Тренингни олиб борган малакали тренерлар, филология фанлари докторлари Я.Маматова ва Н.Қосимовалар иқтосодий журналистика асослари  бўйича сессияларни интерактив тарзда тушинтириб беришди. 

Тренингда қатнашиш мени учун янгилик бўлди, дейди ЎзМУ журналистика факультетининг талабаси Д.Бўриев. – Ўзим каби шу йўналишда таҳсил олаётган ёшларнинг билим доираларини, тафаккур қобилиятларини кўриб, ўзимдан уялиб кетдим. Улар билан бўлган фикр алмашишлардан кўп нарсаларни ўзим учун кашф этдим.  Умримда илк бор ҳақиқий баҳс-мунозарага киришдим(кўпчиликда шундай, менимча). Баҳсларда ҳақиқий фикрий мунозаралар бўлгани менга ёқди. Баҳсларимиз ҳам тренингга  мос иқтисодий мавзуларда бўлгани учун ҳаммамиз ўзимиз тегишли бўлган муассаса ва ташкилот номидан(рамзий маънода, албатта) қатъий позициямизни билдирдик.  Бу баҳсларда манфаатлар тўқнашувига ҳар қадамда дуч келавердик. Чунки иқтисодий масалаларда бу жараён ўта муҳим роль ўйнайди.  Жамоавий ҳолда ишлаш малакасини оширдик. Айниқса, жамоадошлар аниқ ва мақсадли танланганда ҳар қандай масалага ечим бериш, ҳар қандай муаммоли вазиятлардан осон чиқиб кетиш мумкинлигини чуқур ҳис қилдим.

Журналист ҳар бир кўтарилган масалага қайсидир ракурсдан қараш кераклиги, ҳар доим у ёки бу томон манфаатларига ҳизмат қилиши ойдинлашди мен учун. Бунда тарафларни ҳар доим адолат тарозусида ўлчаб, уларнинг қайси бири ҳақ эканлигини аниқлаш лозим. Шундагина журналист ўз касбига садоқат кўрсатади, Ҳақнинг олдида ҳам, халқнинг олдида ҳам юзи ёруғ бўлади, менимча.

Иқтисодий мавзулардаги мақолалар ўзбек нашрларида ниҳоятда камлигига ҳам гувоҳ бўлдим. Бунга сабаблар бор, албатта. Журналистларнинг иқтисодни тушунмаслиги, давлатнинг бу борада шаффоф статистикаларни бермаслиги, амалдорларнинг бу нозик масалага қаттиқ қараши ва журналистга босимлар ўтказиши кабилар шулар жумласидан.  Иқтисодиёт ва сиёсатнинг бир-бирига чирмашиб кетганлиги, уларни бир-биридан ажратиб, бирини иккинчисидан устун қўйиш (“Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги” каби тамойиллар) асло мумкин эмас, деган хулосага келдим. Ўзбекистон шароитида иқтисодий журналистика соҳасида яҳшигина таҳлилий ва танқидий мақолалар, журналистик суриштирувлар ўтказиш мумкин экан. Фақат журналист озроқ журъат топса, кифоя. Тўғри, цензура бўлади.

Аммо оммани иқтисодий вазиятимиздан яхшигина хабардор қилиш ва давлатнинг бу бўйича шаффофроқ ва яхшироқ ишлашини таъминлашга сабаб бўлиши ҳам мумкин бундай материаллар. Шу ва шунга ўхшаш хулосалар чиқардим бу тренингдан. Менга манзур бўлди, шунинг учун ҳар ойда бир марта бўлса ҳам шундай тренинглар ташкиллаштирилса, яхши бўлади, назаримда. 

Н.Қосимова