2022 йил 25-26 мартда аралаш форматда (офф-лайн ва он-лайн) оммавий ахборот воситалари (бундан буён – ОАВ) вакиллари учун “Тамакисиз келажак сари!” семинар- машғулот ўтказилди.
Семинар-машғулот мақсади ОАВлари вакилларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси (бундан буён – ЖССТнинг Ҳадли конвенцияси)нинг асосий қоидалари, тамакига қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон қонунчилиги ва энг яхши халқаро амалиёт, янги “инновацион” тамаки ва никотинли маҳсулотларни истеъмол қилиш билан боғлиқ таҳдидлар билан таништиришдан бўлди.
Семинар-машғулот «Ибн Сино» жамоат фонди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг «Тамакисиз келажак сари!» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Аҳолининг соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллигини оширишни қўллаб-қувватлаш маркази ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
ЖССТ маълумотларига кўра, тамаки ҳар йили бутун дунёда 8 миллиондан ортиқ кишини ўлдиради. Ушбу ўлим ҳолларининг 7 миллиондан ортиғи тамакини бевосита истеъмол қилиш оқибати бўлса, 1,2 миллионга яқини – бу иккиламчи тамаки тутуни таъсирида бўлган чекмайдиган одамлардир.
2021 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди, айни пайтда ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига дахл қилади, бу фарзандларимиз ва ёшларимизни “инновацион” тамаки ва никотин маҳсулотларини истеъмол қилишдан сақлаш, аҳоли ўртасида тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиниши даражасини камайтириш, юқумли бўлмаган касалликлардан касалланиш ва бевақт ўлимни камайтириш, миллат генофондини ҳимоя қилиш имконини беради.
Тадбир иштирокчиларига қуйидаги мавзуларда маълумотлар тақдим этилди:
– Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар аҳолиси ўртасида тамаки истеъмол қилиш бўйича эпидемиологик вазият;
– жамоат жойларида тамаки истеъмол қилиш бўйича тамакига қарши қонунчилик қоидаларига риоя этилиши, тамаки маҳсулотларининг таълим муассасалари атрофида (камида 200 метр масофада) сотилиши, тамаки маҳсулотларини сотиш жойларида уларнинг рекламаси, сотувини рағбатлантириш ва ҳомийлик қилиш устидан жамоатчилик мониторинги натижалари;
– Ўзбекистоннинг амалдаги тамакига қарши қонунчилигининг кучли ва кучсиз томонлари;
– тамаки саноатининг анъанавий тамаки маҳсулотларини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга жавобан стратегияси ва ҳатти-ҳаракатлари, Ўзбекистон аҳолиси ўртасида “инновацион” деб аталмиш янги тамаки ва никотин маҳсулотлари (қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, электрон сигареталар, тамакили ва никотинли снюслар ва ҳ.к.)ни истеъмол қилишнинг шиддат билан ортиб бориши;
– Ўзбекистон Ҳукумати томонидан чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизматлар кўрсатиш объектларида тамаки маҳсулотларини сотиш соҳасида самарали жамоат назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар.
Тақдим этилган материаллар асосида, семинар-машғулот иштирокчилари «Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамаки эпидемиясига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар комплекси – MPOWER»[1]ни, шунингдек энг яхши тажрибани эътиборга олган ҳолда Ўзбекистонда тамаки истеъмол қилишни қисқартириш бўйича кўрилаётган чораларни муҳокама қилдилар. Бунда, тамакига қарши қонунчиликни такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғғрисида” янги Қонунини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди, зеро бу ишларда ОАВлари вакилларининг ўрни алоҳида катта аҳамиятга эга.
Семинар-машғулотнинг амалий қисмида иштирокчилар ишончли ахборот манбаларини излаш, ишончли ахборот материалларини тайёрлашнинг аҳамияти, ОАВларида чоп этиладиган ёки намойиш этиладиган материалларнинг шакли, ОАВлари ва ижтимоий тармоқлардаги фейкларга қарши ҳаракат қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар-машғулот натижалари ОАВлари вакилларининг долзарб ахборот материалларини тайёрлаш ва чоп этиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга ҳамда Ўзбекистонда тамакига қарши самарали комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади.
Семинар-машғулотда мамлакатимизнинг барча минтақаларидан ва Тошкент шаҳридан 30га яқин журналистлар, муҳбирлар ва блогерлар иштирок этди.
Семинар-машғулот охирида журналистлар, мухбирлар ва блогерлар ўртасида ОАВларидаги энг яхши мақолалар ва кўрсатувлар туркуми учун танлов эълон қилинди. Танлов натижалари 2022 йил ноябрда эълон қилинади.
____________________________________________________________________________________
[1] 2008 йилда ЖССТ жойларда ЖССТнинг Ҳадли конвенцияси қоидаларини амалга ошириш кўламларини кенгайтириш учун катта харажатлар талаб қилмайдиган амалий чоралар комплексини жорий этган. Ушбу тамакини истеъмол қилишни қисқартиришга қаратилган энг самарали ва манфаатли чоралар бўлиб MPOWER чоралари комплекси номи билан танилди. Ҳар бир MPOWER чораси, кам деганда, ЖССТнинг Ҳадли конвенциясининг битта қоидасига мос келади.