2022 йил 11-12 ноябрда офф-лайн ва онлайн шакларида оммавий ахборот воситалари (кейинги матнда – ОАВ) вакиллари учун “Тамакисиз келажак сари!” семинар-машғулот ўтказилди.
Семинар-машғулотнинг мақсади ОАВлари вакилларини тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ва истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш, халқаро тажриба билан танишиш, қарор қабул қилувчи шахслар билан биргаликда ушбу масалаларни муҳокама қилиш ҳамда долзарб масалаларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда иборат бўлди. Семинар-машғулот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилаётган «Ибн Сино» жамоат фондининг «Тамакисиз келажак сари!» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Аҳолининг соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллигини оширишни қўллаб-қувватлаш маркази, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.Тадбирда журналистлар, мухбирлар, блогерлар иштирок этдилар.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, тамаки ҳар йили бутун дунёда 8 миллиондан ортиқ кишини ўлдиради. Ушбу ўлим ҳолларининг 7 миллиондан ортиғи тамакини бевосита истеъмол қилиш оқибати бўлса, 1,2 миллионга яқини – бу иккиламчи тамаки тутуни таъсирида бўлган чекмайдиган одамлардир.
Жорий йилнинг 25 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг Ялпи Мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги янги Қонуни юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Келишув комиссиясининг хулосаси ҳамда ушбу Қонун қабул қилинди. Айни вақтда Олий Мажлис Сенати Келишув комиссиясининг хулосасини кўриб чиқмоқда.Тадбирда ОАВлари вакилларига Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги янги Қонундаги асосий ўзгаришлар-нормалар ҳамда Қозоғистон ва Россия тажрибаси билан танишдилар. Иштирокчилар Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш, бунда учраётган имкониятлар ва муаммоалар, тўсиқлар, уларни бартараф этиш йўллари ҳамда кейинги қадамларни Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар аъзолари билан мунозарали муҳокама ўтказилди.
Семинар-машғулот якунида Ўзбекистон журналистлари ва блогерларининг «Тамакисиз келажак сари!» мавзуси бўйича ижодий ишлари танловининг якуний қисми – танлов ғолиблари эълон қилиниб, уларга совғалар топширилади.Шунингдек, ёшлар томонидан яратилган энг яхши ахборот материаллар туркуми ғолиблари эълон қилинди ва совғалар топширилди.