Маълумки онгимиз, маданиятимиз ва ҳаётдаги қарашларимиз шаклланиши, қолаверса, қабул қилаётган қарорларимиз атрофимизда мавжуд ахборотга асосланади. Шу ўринда “Овертон ойнаси” концепцияси эсга тушади. Шундай экан, инсон ҳаётида ахборот билан ишлайдиган мутахассисларнинг ўрни муҳим экани шубҳасиз.
Ахборот технологияларнинг ривожланиши натижасида бу йўналишда диверсификация жараёни бошланган десак муболаға бўлмайди. Математик алгоритмлар асосида яратилган моделлар эса мисли кўрилмаган имкониятларни намоён этмоқда. Сунъий интеллект (СИ) деб номланган автоматлиштирилган тизим, медиа майдонда белгиланган қоидаларни сезиларли даражада ўзгартирмоқда.
Аслида биз бугун қудратли технология вужудга келаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўтган икки-уч йил ичида СИ имкониятлари жуда юқори суръатда ўсди ва кундан-кунга такомиллашиб бормоқда. Албатта ушбу жараён дунёда соҳа мутахассисларни хавотирга солмоқда. Европа Иттифоқи (ЕИ) Кенгаши 2024 йил 21 май куни СИдан фойдаланишни тартибга солувчи дунёдаги биринчи қонунни маъқуллади. Шу билан бирга, ҳужжатда тегишли стандартларнинг ишлаб чиқилиши ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари айнан СИдан журналистикада фойдаланиш бўйича 2023 йилда Париж тинчлик форумида Сунъий интеллект ва журналистика бўйича Париж Хартияси эълон қилинган. Ушбу ҳужжатни 20 мамлакатдан 32 та малакали мутахассислардан иборат махсус Комиссия ишлаб чиққан.
Хартиянинг ўнта тамойили журналистиканинг асосий қадриятларини, жумладан ахборот ишончлилиги, холислик, шахсий дахлсизлик ва манбаларнинг махфийлигини ҳурмат қилишни ўз ичига олади.
Таъкидлаб ўтиш жойизки, ортиқча чеклов ва назорат ривожланиш жараёнларини тўхтатиб турувчи омилларидан биридир. Шунингдек, белгиланган тартибларга риоя қилмайдиган гуруҳлар мавжудлигини ҳам инобатга олиш зарур.
Шунга кўра, мамлакатимизда медиа маҳсулот ишлаб чиқарувчи мутахассис ва компаниялар келажак чақириқларга тайёр бўлиши лозим.
Таҳминларга кўра СИ икки йўналишда ривожланади (схема). Назаримда, иккала сценарийни ҳам реал деб қабул қилса бўлади. Меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилувчи компаниялар биринчи, яширин компаниялар эса иккинчи сценарий бўйича ривожланади.
Мутахассисларнинг тахминларига кўра, СИ икки йўналишда ривожланади.
СИ журналистика ва умуман медиа соҳасига сезиларли таъсир кўрсатишни бошлади. Аслида алгоритмларга асосланган технология узоқ вақтдан бери оммавий ахборот воситалари амалиётида қўлланиб келинмоқда, шу билан бирга улар мутахассисларнинг, шу жумладан журналистларнинг функционал мажбуриятларни ҳам қисман бажармоқда.
Дунё медиабозорида алгоритмик ечимларидан унумли фойдаланиб, таҳририят жараёнларига жорий қилган илк кашшофлар Forbes, Los Angeles Times, The Guardian, Associated Press, The New York Times ва BBC ҳисобланади.
Биринчилардан бўлиб, “Forbes” нашри 2010 йилда иқтисодий таҳлил учун алгоритмларга асосланган “Narrative Science” тизимини ишга туширган. Ушбу тизим дастлаб спорт мусобоқалар натижаларини ёритиш учун яратилган бўлсада, унинг имкониятлариини инобатга олиб таҳририят уни барча таҳлилий мақолалар учун ишлата бошлаган.
2014 йилда “Los Angeles Times” нашри “Quakebot” автоматлаштирилган дастур орқали, бўлиб ўтган зилзила тўғрисидаги ахборотни 3 дақиқа ичида ўзининг сайтида нашр этган. Кўпинча бу қисқа вақт ичида журналистга тўлиқ маълумот етиб келмайди.
“The Guardian” нашри ҳам 2014 йили жиноятлар хроникасини ёритиш учун “Guarbot” алгоритмни ишга туширади. Мазкур тизим тайёр шаблонлар асосида яратилган эди ва янгиликлар автоматик равишда тўлдирилиб нашрга тайёрланарди.
2015 йилда “Associated Press” бир сонияда 2000 мақола тайёрлаш имкониятига эга “Wordsmith” тизимини ишга туширган. Ўша йили таҳририят ушбу тизим ёрдамида 3000 мақола тайёрлаб нашр қилган.
2015 йил декабр ойида эса Сан-Франциско шаҳрида OpenAI нодавлат лабораториясига асос солинган. 2022 йил ноябрь ойида ушбу лаборатория алгоритмларга асосланган ChatGPT автоматлаштирилган тизимни ишга туширади ва бир кун ичида миллионлаб обуначиларга эга булади.
Бугун дунёнинг етакчи нашрлари СИ имкониятлардан унумли фойдаланиб келмоқда. Масалан, The New York Times Исроилнинг Ғазога ҳужумларини ёритишда сунъий йўлдош олган тасвирларни таҳлил қилиш, яъни, бомбалар қаерга тушгани ва аҳолига қанчалик зарар етганини аниқлаш вазифаларини СИга юклаган.
Оксфорд университети қошидаги Reuters институтининг, технологиялар журналистика ва оммавий ахборот воситаларга таъсири мавзусига бағишланган ҳисоботида, СИга кейинги авлод технологиялари мақоми берилган. Унда 5G мобил алоқа, қўшимча реаллик технология ва ақлли қурилмалар ёрдамида СИ яқин истиқболда журналистлар ишини янги босқичга олиб чиқишини таъкидланган.
Контент тайёрлаш жараёнининг трансформацияси журналистларга янги имкониятлар ва шу билан бирга янги талаблар қўймоқда.
Қуйидаги оддий солиштирма жадвалда материал тайёрлашда СИ имкониятларини яққол кўриш мумкин.
Кўриниб турибдики СИ журналистнинг тезкорлигини оширишга кенг имкониятлар яратмоқда.
Бундан ташқари СИ, интернетда фейк ахборотларини аниқлаш бўйича кенг имкониятларга эга. Нейротармоқлар ёрдамида яратилган фото ва видеоматериалларини аниқлаш бўйича маълум вақт талаб қиладиган махсус экспертиза ёки анъанавий фактчек жараёнларига кўра СИ бир неча сонияларда зарур хулосларни тайёрлаб беради.
Лекин, СИ журналистнинг баъзи функцияларни хозирча бажара олмаслиги маълум. Масалан:
– Танқидий фикрлаш ва чуқур таҳлил;
– Этика ва ахлоқ йўналишида тўғри қарорлар қабул қилиш;
– Офлайн интервьюлар ўтказиш, суҳбатдош билан ишончли алоқа ўрнатиш, вазиятга мослашувчанлик ва ҳиссий ақл зарур бўлган вазиятларда ишлаш.
Иқтисодий барқарорлик нуқтаи назаридан, СИ контент яратиш ҳаражатларини камайтириш ва янгиликларни нашр этиш тезлигини ошириш каби муҳим афзалликларни таклиф етади. Бу медиа компанияларга мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ва кўпроқ юқори сифатли таҳлилий материалларга эътибор қаратиш имконини беради.
Минтақамизда эса ҳозирча СИ имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш чекланганлиги, ўзбек тили рақамли моделининг мукаммал эмаслиги, маданиятимиз, менталитетимиз ва тарихимиз ҳақида маълумотлар рақмли базалари интернет тармоғида тўлиқ шаклланмаганлиги билан боғлиқ.
Хулоса ўринда таъкидлаб ўтиш жойизки, истиқболда миллий медиа майдонини сифатли контент билан тўлдириш, ташқи ахборот хуружларини олдини олиш бўйича самарали чораларини кўриш ҳамда дунё медиамайдонида ўзбек тили моделининг жозибадор имижини шакллантириш мақсадида СИ технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳаллий тизимларини яратиш зарур.
СИни жорий қилиш бўйича мавжуд муаммоларни очиб берувчи таҳлилий маълумотлар:
Савол: Сунъий интеллектдан фойдаланишнинг асосий тўсиқлари / Сизнинг ташкилотингизда / компаниянгизда муаммолар нималардан иборат?
Савол: Сизнингча, СИ кўпроқ кимларга фойда келтиради, катта ноширларга / барча ноширларга тенг / кичик ноширларга?
Савол: Сизнингча, кейинги беш йил ичида медиа-компаниялар учун қуйидаги ёрдамчи технологиялардан қайси бири энг муҳим ҳисобланади?
2021 йилда СИ мавзусида энг кўп илмий мақолаларни нашр қилган мамлакатлар
Артур Кан
Манбалар
1. https://www.forbes.ru/tehnologii/341887-devyat-tezisov-o-b udushchem-media
2. https://www.bbc.com/uzbek/world-65136918
3. https://cyberleninka.ru/article/n/robotizirovannaya-zhurna listika-ipervye-algoritmy-na-sluzhbe-redaktsiy-mezhdunarodn yh-smi/viewer
4. https://www.kommersant.ru/doc/6609532
5. https://trends.rbc.ru/trends/innovation/640ed7309a79477e f89515f0 6. https://chatgpt.com/