2024 йил 3 июл куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалаларини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг роли: лойиҳа натижалари” лойиҳаси якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази (ЖҚТМ) ва ХННТ Search for Common Ground-нинг Ўзбекистон Республикасидаги филиали томонидан ташкил этилди. Давра суҳбатида давлат идоралари вакиллари, УСАИД миссияси директори вазифасини бажарувчи жаноб Эдвард Михалски, журналистлар, блогерлар ва экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати 2023йил август ойидан буён мамлакатимизда амалга оширилаётган Search for Common Ground ва ЖҚТМнинг қўшма лойиҳаси доирасидаги якуний тадбир бўлди. Лойиҳа давомида ЖҚТМ тренерлари ва экспертлари томонидан республиканинг етти вилоятида – Бухоро, Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона, Нукус ва Урганч шаҳарларида журналист ва блогерлар иштирокида 30 та тренинг ва мулоқотлар ўтказилди. Ўтказилган тренинг ва мулоқотлар массмедиа ходимларининг динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалаларини ёритишда салоҳиятини оширишга қаратилди. Тадбирлар давомида экспертлар томонидан динлараро бағрикенглик тарихи ва анъаналари ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди, шунингдек, Ўзбекистондаги диндорларнинг замонавий ҳаёти муҳокама қилинди. Тренинглар ва мулоқотлар давомида иштирокчилар Жомъе масжидлари, мадрасалар ва православ черковларига ташриф буюришди.
Лойиҳа доирасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон экспертлари иштирокида 2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида ушбу нозик мавзунинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Қўшни давлатлардан келган ҳамкасблар ўртасида қизиқарли фикр алмашилди, муваффақиятли тажрибалар баҳам кўрилди. Лойиҳа ғояларини самарали тарғиб қилиш мақсадида диний бағрикенглик масалаларига бағишланган туркум видеороликлар яратилди. Медиа ходимлари, журналистлар ва блогерларга ёрдам бериш мақсадида ушбу муҳим мавзудаги фаолияти учун “Оммавий ахборот воситалари ва динлараро бағрикенглик масалаларини ёритиш” номли услубий қўлланма чоп этилди.
Давра суҳбатида барча лойиҳа фаолияти натижалари, шунингдек, иштирокчилар учун грант танлови натижалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, экспертлар иштирокида “Истиқболли ҳаракатлар режаси” фаол мулоқоти ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, фуқаролик жамияти вакилларини оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлашнинг замонавий усулларига ўргатиш бўйича узоқ муддатли режа муҳокама қилиниб, диний эътиқод эркинлиги ва дунёвий давлатдаги динларнинг хилма-хиллиги масалалари бўйича динлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш бўйича ишларни такомиллаштириш бўйича кейинги лойиҳа бўйича тавсиялар берилди.