Орадан қарийб бир ярим аср ўтибди-ки, Яик дарёси бўйидан Ўрта Осиёга, хусусан ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудига сургун қилинган ўроллик казак – старообрядчилар ҳамон ўзлигини йўқотмай сақлаб келишмоқда. Улар айни пайтда Қорақалпоғистон ҳудудида, хусусан, Нукусда, Хўжайлида, Қўнғиротда, Мўйноқ, Беруний ва Тўрткўлда истиқомат қилишади.
Ўроллик казак – старообрядчилар кимлар?
Ўролликлар, Яик казаклари, старообрядчилар ва староверлар номлари билан танилган Қорақалпоғистонда яшайдиган ўролликлар паспортлари ва расмий ҳужжатларида миллати рус деб ёзилгани билан улар Ўрол (ёки Яик) казаклари дея ўзларини алоҳида халқ ҳисоблайди.
Қорақалпоғистондаги ўроллик казак – старообрядчилар ўз диний ва миллий анъаналарини, урф-одатларини ҳаттоки ҳозирги кунда Яик бўйида яшаётган қондошларидан кўра ҳам яхши сақлаб қолган экан.
Қорақалпоғистонлик Ўрол казаклари христиан динининг старообрядчи мазҳабига мансуб. Ҳозирги вақтда замонавий ўроллик старообрядчилар ягона ҳаракатга – «Попсизчилар», яъни руҳонийсиз диний оқимга бирлаштирилган. Улар диний жамоаларда ибодат уйи – «Собор» атрофида бирлашади. Хизматлар ва диний маросимларни сайланган бош руҳоний «Бобо» («Дедушка») олиб боради. Бу старообрядчиларнинг консерватив конфессионал гуруҳи бегоналар (бошқа диндагилар) учун ёпиқдир. Ҳозирда Қорақалпоғистонда староверларга бош руҳоний вазифасини «Бобо» эмас, балки «Устоз» («наставница») – Ольга Киселёва олиб бормоқда.
Тахиатош шаҳрида мактабда тарих фанидан 56 йилдан бери ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган 78 ёшдаги Елена Гущинанинг таъкидлашича, казаклар рус императорлари даврида “казаклар қўшини” (казачье войско) номи билан донг таратган. Армияда казаклар умумий қозондан овқатланмаган, чунки, эътиқоди бунга изн бермаган. Казакларда ҳар бир кишининг идиш-товоғи алоҳида тутилади. Бир-бирининг идишидан фойдаланиши мумкин эмас. Шунингдек, гигиеник нуқтаи назардан армияда аскарлар сочи, мўйловини қириб олиши керак, старообрядларнинг эътиқодига ҳам бу тартиб тўғри келмайди. Шу боис улар армияда хизмат қилишдан бўйин товлайди.
Ўролликлар Оролбўйига қандай келиб қолган?
Ўрол казаклари Россиядан, Яик дарёси бўйларидан ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудига XIX асрнинг охирги чорагида (1875) сургун қилинган. Депортация икки босқичда амалга оширилади: 1875 йилда – Ўрол казаклари-старообрядчилар, 1877 йилда эса сургун қилинган ўролликларнинг оилалари. Сургун қилинишга Чор Россияси императорининг эълон қилган «Ўрол казак армиясининг ҳарбий хизмат, давлат ва хўжалик бошқаруви тўғрисидаги низоми»га Ўрол казакларининг бўйсунмаслиги ва 1874 йилда Ўрол казаклари-старообрядчилари армиясининг қўзғолони сабаб бўлган.1874 йилда Чор Россияси императори Александр II Яик (Ўрол) дарёси бўйида яшайдиган казакларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини оғирлаштирувчи фармон эълон қилади.
Балиқчилик ва овчилик билан эркин яшашга ўрганган казакларнинг янги тартибни қабул қилиши қийин эди. Қанча уринмасин Чор Россияси императори вакиллари казакларни янги тартибга кўндира олмайди, сиёсатга қарши чиққанликда айблаб, кўпчилигини Сибирга ҳайдайди, ўлим жазосига маҳкум қилади ва қолганларини эса Ўрта Осиёга сургун қилади. Аввалида эркак кишилар (кўпинча қарилар) оиласидан ажратиб олиб кетилади. Туркистон ўлкасига 1875 йилда Қозоли шаҳридан кемаларда Орол денгизи орқали 667 эркак (кейинчалик 313 аёл, 560 нафар болалар) олиб келинади.
Айнан қари кишиларни олиб кетишнинг ҳам сабаби бор. Ўролликларда қари кишиларнинг айтганлари қонун ҳисобланган. Ёши катталарни ниҳоятда ҳурмат қилишган.
Олиб келинган ўрол казаклари дастлаб Петро-Александровск (ҳозирги Тўрткўл шаҳри) га 19 километр яқин жойдаги “Первоначальний” посёлкасига жойлаштирилади. Кейинчалик Чимбой, Шаббаз (ҳозирги Беруний тумани), Петро-Александровск, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукусга бўлиб юборилади.
Улар энди ўроллик эмас, балки ороллик казаклардир…Янги жойга казаклар тезда мослашиб, Амударё дельтасида балиқ ови, ов билан шуғулланишади. Ҳужжатларда қайд этилишича, казаклар балиқ овини тўлиқ монополлаштирган. Навигацияни ўрганиб, казаклар Мўйноқдан Чаржовгача балиқ, ун, керосин, шакар билан савдо-cотиқни йўлга қўйган. Улар ўз она-юрти – Яик дарёси бўйларини унутишмайди. Доим, ўз она юртларига қайтиш истагида бўлди, аммо, кейинчалик, Александр III авф эълон қилиб, аввалги тартибни бекор қилиб, ўз юртларига қайтишга изн берган бўлса ҳам казакларнинг аксарияти Оролбўйида доимий яшаб қолади. Чунки, Орол денгизининг тўла пайтида балиқчилик ниҳоятда ривожланиб, бунинг орқасида казаклар ҳам янги масканга анча меҳр қўйган. Ҳаттоки, улар маҳаллий аҳоли билан тил топишиб, биргаликда 1919 йилда большевикларга қарши казаклар атамани Филчев бошчилигида қўзғолон ҳам кўтаради. Ҳозирги Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларини қамраб олган ҳолда Филчев бошчилигида вақтинчалик ҳукумат (Чимбой республикаси) ҳам фаолият олиб борган.
Ўролликлар маҳаллий аҳолига балиқчилик хўжалигини юритишни ўргатди. Қорақалпоқлар азалдан дарё ва денгиз ёқалаб, балиқчилик билан шуғулланиб келишган бўлса ҳам, балиқни қайта ишлашни (дудлаш, консерва қилиш) казаклардан ўрганган. Музлатгич, ҳаттоки электр токи ҳам йўқ пайтда қазноқда (қорақалпоқча «шолан» дейилади) балиқни йил давомида музлатилган ҳолда сақлаш мумкинлиги маҳаллий аҳолини ҳайратда қолдиргани рост.
Қорақалпоғистонда ҳозирги кунда яшайдиган ўроллик казакларнинг ичида ўзларининг тарихий ватани бўлмиш – Ўрол дарёси бўйларини ҳаёти давомида кўрмаганлари анчагина. “Тарихий она юртингизни соғинасизми?” деган саволимизга Прасковья Степановна: “Бизнинг ватанимиз Орол бўйи, Амударё соҳиллари. Чунки, биз аждодларимиз ватани, Ўрол дарёси қирғоқларини кўрмадик. Биз шу заминда тўғилиб, ўсдик ва шу ерда қоламиз” – дея ҳаёжонланиб жавоб берди. Айнан шундай, улар энди ўроллик эмас, балки ороллик казаклардир.
Ўролликларнинг уйлари
Ўролликларнинг ўзлигини намоён қиладиган жиҳатларининг бири уларнинг яшаш уй-жойларидир. Уларнинг анъанавий уйлари сомонли лойдан қурилади. Том қисми қамишдан бостирилган икки нишабли пахса уй ўролликларнинг истиқомат қиладиган ҳудудларида ҳамон сақланиб қолган. Бу каби уйларнинг асосий хусусияти икки нишобли том асоси хода ҳисобланади. Барча уйларга анъанага кўра буёқ суртилади. Йилига икки марта Пасхадан олдин баҳорда ва кузда Покров байрамидан олдин уйларини сомонли лой билан сувоқ қилади ва бўяшади. Ўролликлар бу каби ўзига хос уйларни «изба», «мазанка» (ўзбекча «кулба»), қорақалпоқлар эса «итарқа» дейди. Мўйноқда яқин йилларгача шундай уйлар кўп бўлган, чунки, денгиз мавж уриб турган пайтда ўролликларнинг аксарияти Орол денгизи қирғоқларида яшаган. Ҳозирда Мўйноқда ўраллик казаклар яшаган уйларидан бири «Балиқчи уйи» музейига айлантирилган.
Мўйноқдаги ўраллик казаклар уйи тимсолидаги «Балиқчи уйи» музейи. Уйнинг ташқи кўриниши (Фото: Aniq.uz)
Мўйноқдаги ўраллик казаклар уйи тимсолидаги «Балиқчи уйи» музейи. Уйнинг ички кўриниши (Фото: Aniq.uz)
Иконали бурчак олдида ибодат маросимидан кейинги тановул
Оила ягона, эътиқодлар эса ҳар хил. Мамлакатимиз диний бағрикенг давлат эканлигини шундан билса ҳам бўлади-ки, ўраллик староверларнинг диний қоидасига кўра, старовер фақат старовер билан оилали бўлиши белгиланган бўлса ҳам, ҳозирда Қорақалпоғистондаги ўроллик казак – староверларда бундай чеклов йўқ. Масалан, биз билан суҳбатда бўлган Прасковья Степановнанинг қизи ўзбек йигитга турмушга чиққан, айни вақтларда ҳаммаси бир оилада иноқ яшайди. Прасковья Степановна аввал бошда қизининг бошқа дин, бошқа миллатдаги йигитга турмушга чиқишига қарши бўлган, аммо, севиб қўшилган ёшларнинг бугунги кунда намунали оилага айланганлигини кўриб ўзи ҳам севинишини яширмайди. – Уйимизда қизимиз иккаламиз ўз диний маросимларимизни бажара берамиз, куёв болам эса намозини ўқийди, мусулмончилик амалларини бажаради. Бир-биримизга ҳалақит қилмаймиз, бахтли оилада ҳаёт кечирмоқдамиз, – дейди Прасковья Степановна.
Ўроллик казак – старовер йигитларнинг ҳам маҳаллий қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ қизлари билан бахтли оила тузатганига мисоллар кўп.
Жумагул Сатекеева: – Ўролликлар ўтган асрнинг 70-йилларида Нукусда кўп бўлди. Мен у пайтда участка тиббий ҳамшийра бўлиб ишлардим. Ўролликлар алоҳида кўчаларда яшарди. «Балиқчилар қишлоғи», «Янги қишлоқ» деган кўчалар ўролликлар билан тўла эди. Болалар боғчаларининг 70 фоизи ўролликларнинг болалари бўлди. Ўзимнинг қизим ҳам шулар билан боғчага қатнаб русча ўрганди. Амударёнинг суви қайтгандан кейин улар кўчиб кетган бўлиши мумкин, чунки улар балиқни кўп истеъмол қилишади. Болаларимиз ўролликларнинг фарзандлари билан дўст-ёрон бўлишди. Оля исмли ўроллик кўшним билан тўй-базм, маъракаларда қатнашиб турамиз. Қайғули кунлирда ҳам бир-биримизга ҳамдардмиз. Ҳозир ўролликлардан кам қолди. Улар «итарқа» уйларда истиқомат қилишади. Байрамларида узун сарафан кўйлаклар кийишади.
Елена Гущина: Қўшниларимиз билан муносабатимиз жуда яхши. Ҳозир 78 ёшимда ҳам мактабда тарих фанидан дарс бераман. Мени иш жамоамдаги ўттиздан ортиқ касбдошларим “Пасха” байрамимиз билан табриклади. Иш жамоамда ёши энг каттаси мен. Мактабимиз раҳбари тадбирлар бўлса, мени таклиф қилиб тўрдан жой қилиб беришади.Байрамларда, тўйларда қўшниларимиз билан ҳам биргамиз. Авваллари ўзга миллатдагиларнинг уйларига боришга таъқиқ бўларди. Ҳозирда ундай тўсиқ йўқ. Менинг дадам доим уқтирарди: қўшниларингиз билан иноқ бўлинг, уйларига боринг, яхши-ёмон кунларида ҳамнафас бўлинг, деб. Ахир Исус Христос ҳам шаҳарларга, қишлоқларга адамларнинг уйларига, бошқа диндаги одамларнинг уйларига ташриф буюриб турган-ку. Улар билан бир дастурхон атрофида тановвул қилишган. Мусулмонларда яхши урф бор, уйига кирсанг нон олиб келишади. Шундай ҳурмат қилган одам бизнинг уйга кирса, нега уни сийламас эканмиз. Дадам “улар сени қандай сийлаган бўлса, сизлар ҳам уларнинг ҳурматини шундай бажо келтиринг” дерди. Урф-одатларимиз бошқа бўла бериши мумкин, аммо Худо ягона
Матннинг асл нусҳасини ушбу ҳавола орқали ўқиш мумкин: ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДАГИ ЎРОЛЛИКЛАР: УЛАР ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЎЗЛИГИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШГАН? – Kar24.uz