jqtm
Yuklanmoqda...

Хоразмда “Оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий ўзгаришлардаги роли” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди

Мазкур семинар-тренинг Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда “Search for Common Cround” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик фаоллари учун ташкил этилди. Лойиҳа доирасидаги семинар-тренинглар Республиканинг еттида ҳудуди – Хоразм, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро вилоятлари, Тошкент ва Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳарларида ўтказилиши белгиланган бўлиб, жорий йилнинг якунига қадар  ўтказилади.

Семинар тренингда Хоразм вилоят Ахборот ва матбуот бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекжанова иштирок этди ва бугунги кунда фуқароларининг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш, аҳоли ўртасида динлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик, тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш долзарб масала эканлиги ва бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар.

Маълумотларга кўра, дунёда 10 мингдан ортиқ дин мавжуд. Салкам 8 миллиардни ташкил этувчи жаҳон аҳолисининг этник таркибига назар солсак, икки мингга яқин миллат ва элатдан иборат.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрда бўлиб ўтган 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган.  1996 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йили шу кунни Халкаро бағрикенглик куни деб нишонлашни таклиф килган ва шу кундан бошлаб ҳар йили 16 ноябр “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Албатта, халқимизга азалдан хос бўлган хислат – бағрикенглик биз учун анъанавийдир.Жамиятда тинчлик ва тотувликни асраш, бағрикенгликни тарғиб қилиш эса долзарб масала. Ўтказилган семинар-тренинг давомида зиддиятга сезгир журналистика: динлараро муносабатларнинг моҳияти ва вазифалари, зиддият турлари ва динлараро муносабатларда зиддиятлар, бағрикенглик, динлараро муносабатларда мавзунинг гендер жиҳатлари, динлараро низоларни оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг ахлоқий жиҳатлари, зиддиятларга сезгир журналистикада фактчеккинг, мавзуни  ижтимоий тармоқларда ёритиш кўникмалари, оммавий ахборот воситаларида нафрат тили ва нафрат сўзлари тўғрисида медиатренерлар Наргис Қосимова ва Нодира Алимовалар томонидан тадбир иштирокчиларига зарурий маълумотлар ва тавсиялар берилди.  Шунингдек, зиддиятларни моделлаштириш ва ҳал қилиш бўйича тренинг қатнашчилари реал воқеалар асосидаги кейслар бўйича кичик гуруҳларда амалий машқлар бажардилар.

Тренинг якунида иштирокчилар келгусида мавзу бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқлар учун материаллар тайёрлаш бўйича ўз режаларини ишлаб чиқдилар.