Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшлар ва ижтимоий тармоқлар: интернет маданияти ва тармоқлардан оқилона фойдаланиш” лойиҳаси доирасида икки кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди.
ЎзННТМА ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигидаги мазкур семинарда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, блогер ва журналистикага қизиқувчи ёшлар иштирок этиб, медиаахборот макони, ижтимоий тармоқлар, маълумотлардан оқилона фойдаланиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
– Мақсад, журналист, блогерлар, шунингдек, ёшлар билан ишлаётган ННТ вакиллари, волонтерларнинг медиасаводхонлигини ва факт-чеккинг платформалардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш, – дейди тренер, филология фанларлари доктори Наргис Қосимова. – Қолаверса, интернет фойдаланувчилари ўртасида ахборотни излаш ва ундан фойдаланиш, қайта ишлаш кўникмасини шакллантириш, бузғунчи гуруҳлар ва радикал оқимларнинг ахборот оқимларининг деструктив жиҳатлари ёшлар онгига салбий таъсир ўтказишининг олдини олишдан иборат.
Гуруҳлар доирасида қизиқарли ўйин, тақдимот ва бошқа интерактив усуллар асосида ўтказилган семинарда вояга етмаганлар ҳақида ахборот тарқатиш тартиблари, медиаахборот саводхонлиги, журналист фаолиятда этика, ёлғон хабарларни аниқлаш, факт-чекинг асослари сингари қатор масалалар юзасидан иштирокчиларга маълумотлар берилди.
Семинар давомида ОАВ ва журналист фаолиятида шахсга оид маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ таваккалчилик, ана шу мазмундаги ахборотларни баҳолаш, контентлар, ахборот манбаалари билан ишлаш, объективлик ва шаффофлик масалалари юзасидан фикрлашилди.
– Қизиқарли мулоқот, очиқ-ошкора фикрлашув асосида ўтган семинар-тренингдан медиасаводхонлик, замонавий журналистика, айниқса, интернет тармоқларидаги мълумотлардан оқилона фойдаланиш бўйича кўп нарсаларни ўргандик, – дейди Андижон давлат университети Хорижий тиллар факультети гуруҳ етакчиси Саидабону Абдусаломова. – Олган билимларимиз, ўрганганларимиз келгусидаги ишларимизда албатта, ёрдам беради.
Якунда иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА