jqtm
Yuklanmoqda...

ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИ ТУГАНМАС БОЙЛИК (МИ?)

Айни кунларда республикамизнинг қатор ҳудудларида Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТ ТД)нинг молиявий кўмагида Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан ОАВ мутахассислари салоҳиятини ошириш бўйича журналистлар ва блогерлар ўртасида “Гендер жиҳатлари ҳисобга олинган энергия самарадор бинолар – тараққиётнинг муҳим гарови” мавзусида тренинглар ўтказилмоқда.

Мазкур тренинглар БМТ ТД ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурулишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. Тренингнинг мақсади қурилиш секторида энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергия манбаларини тарғиб  қилиш, гендер тамойилларини ҳисобга олиш ва аёлларнинг ўз  уйлари ва жамоаларида энергияни бошқариш ва тежашдаги ролини гендерга сезгир ёритишга эришишдан иборат.

Асосий эътиборни мамлакатимизда қишлоқ аҳолиси учун атроф-муҳитга зарар етказмайдиган, яхшиланган ва арзон турмуш шароитлари билан таъминланган уй-жой қуриш, Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган қишлоқ уй-жой секторини иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтирадиган янада барқарор ривожланиш йўлига ўтказишга қаратишимиз керак. – дейди БМТ ТД лойиҳа компоненти раҳбари Бекзод Анарбеков. – Тегишли гендер жиҳатларини ҳисобга олган, энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергия технологиялари, ускуналарини бинолар секторида қўллаш масалаларини профессионал ёритишга кўмаклашиш ҳамда ОАВ ходимлари томонидан энергияни бошқариш ва тежашда аёлларнинг роли ва иштирокини ошириш, глобал иқлим ўзгаришининг хавф ва таҳдидлари, энергетика соҳасига таъсири, энергиядан оқилона фойдаланиш ва тежамкорлик зарурлиги тўғрисида аҳолининг кенг хабардорлигини таъминлаш кўплаб экологик муаммоларнинг олдини олиш билан бирга оила бюджетини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради.

Ўтказилаётган тренинглар давомида журналист ва блогерларнинг глобал иқлим ўзгариши даврида БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари: Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш ва энергияни тежашнинг асосий ҳолатлари, мамлакатимизнинг қишлоқ жойларида уй-жой қурилишида фойдаланилаётган энергия тежовчи технологиялар, уларнинг афзалликлари, қишлоқ жойларда энергия тежаш масалаларини ёритишда журналистик ёндошувлар, гендер жиҳатлари: энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича оилада болаларни хабардор қилиш ва тарбиялашда аёлларнинг ролини ошириш каби мавзуларда билим ва кўникмалари оширилмоқда. Шунингдек, республикамизнинг айрим ҳудудларига тажриба синов тариқасида ўрнатилган қуёш панелли уйларга медиатур ташкил қилиниб, иштирокчиларнинг “яшил” уйга ташрифи, энергетика ва бошқа тегишли мутахассислар, маҳаллий ҳокимлик ва фуқаролар йиғинлари масъуллари ҳамда уй-жой мулкдорлари билан суҳбатлари уюштирилмоқда.

Маълумот ўрнида: Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, воҳа ва водий вилоятларининг ОАВ ходимлари учун Қарши, Нукус ва Фарғона шаҳарларида ҳудудий тренинглар ташкил қилинди. Шунингдек, 2022 йилнинг 1 сентябрдан 2022 йил 5 ноябргача журналист ва блогерлар ўртасида ОАВдаги материаллари учун танлов эълон қилинди. Танлов Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ОАВда, ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган фаол  журналист ва блогерлар ўртасида ўтказилади ва 3 та  ғолиб аниқланади. Танлов бўйича тўлиқ маълумот (шартлари, ғолиблар) Журналистларни қайта тайёрлаш марказининг веб-сайтида эълон қилинади.