jqtm
Yuklanmoqda...

Чироқчида семинар-тренинг ўтказилди

Бугун  Ёшлар коворкинг марказида вилоят “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази, туман ҳокимлиги ва давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими ҳамкорлигида “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмни олдини олишга кўмаклашиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. 

Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ташкил этилган бу тадбирда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ёшлар ва тадбиркорлар иштирок этишди.  

Семинар-тренинг давомида унинг қатнашчилари “Глобал фуқаролик нима? Унинг бугунги ҳаётимиз ва келажагимиз учун қандай аҳамияти бор?”, “Бутун дунёда зўравон экстремизм қайси омиллар таъсирида кенг қулоч ёймоқда? Бунинг олдини олиш учун қандай йўл тутиш керак?” деган саволларга аниқ ва батафсил жавоблар олишди. 

Тадбирда таъкидланганидек, “Глобал фуқаролик” деганда биргина миллий қадриятлар билан чегараланмаган, бирон-бир ҳудуд ёки ўзини ўзи индентификациялашнинг бошқа усули билан боғлиқ бўлмаган, ўз ичига умумжаҳон қадриятларни олган фуқаролик тушунилади. Шундай экан, глобал фуқаронинг мақсади инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий ҳисобдорликка ва халқаро бирдамликка эришиб, бағрикенглик, интеграциялашув ва хилма-хилликни тан олишнинг ҳам сўзда, ҳам амалда муҳим ўрин тутишини таъминлашга қаратилган. 

Интерфаол тарзда ўтказилган семинар-тренингда иштирокчилар катта ва кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда иш олиб бориб, мавзуларни ўзлаштиришда ақлий ҳужум, бахс-мунозара ва бошқа самарали услублардан фойдаланишди. Олган билим ва кўникмаларини келгусида амалиётда қўллаш усулларини муҳокама қилишди. 

“Юксалиш” ахборот-маслаҳат маркази мутахассислари юртимизда DVVнинг Ўзбекистондаги Филиали кўмагида ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси мақсади ва кутилаётган натижалари ҳақида ҳам кенг маълумотлар беришди. Бунда, айниқса, аҳолининг заиф қатламлари вакилларига психологик ва юридик маслаҳатлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилаётгани алоҳида таъкидланиб, лойиҳанинг психологи, юристи ва ижтимоий ходими фаолиятидан мисоллар келтирилди.

✍️Б.Халилов, Чироқчи туман ҳокимлиги мутахассиси.