jqtm
Yuklanmoqda...

Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида ерости суви сатҳи 5 метргача пасайиб кетган

Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни ерости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ерости сувлари табиат ва аҳоли учун энг зарур чучук сув манбаларидан бири бўлиб, ундан тартибсиз фойдаланиш оқибатида кўп жойларда ерости суви камайиб кетмоқда. Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида унинг сатҳи 5 метргача пасайиб кетган.

Шунга қарамай, жойларда рухсатсиз қудуқлар бурғилаш, ерости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланиш ҳамон давом этмоқда. Шу боис президент кўрсатмасига мувофиқ, ерости сувлари муҳофазасини кучайтириш ва ундан фойдаланишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, ерости сувининг сатҳи 5 метрдан зиёд пасайган ҳудудларда қудуқлар бурғилаш ва ерости сувларидан фойдаланишга мораторий жорий қилинади.

Ҳозирги кунда қудуқларнинг 90 фоизида ҳисоблагич йўқлиги сабабли ерости сувлари сарфи тўғрисида аниқ маълумот тўплаш имкони бўлмаяпти. Шунинг учун ерости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти қўйилмоқда.

Шунингдек, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар бир қудуққа алоҳида эмас, балки қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш йўлга қўйилади. Сатҳи пасайиб кетаётган ерости суви конларини тубдан қайта баҳолаш бўйича геология-қидирув ишлари амалга оширилади. Яна бир янгилик – ерости сувларининг ҳолатини кузатиб бориш, хавфли геологик жараёнлардан муҳофаза қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Давлат геологик мониторинг хизмати ташкил этилади.

Умуман олганда, бу чора-тадбирлар ерости сувининг камайиш жараёнини тўхтатиш ва бошқа ҳудудларда бундай ҳолат юзага келишининг олдини олишга хизмат қилади. Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, сувдан ҳисобсиз фойдаланишга чек қўйиш, бу борада интизомни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Чучук сув манбаларини асраш ва аҳоли учун узоқ муддатга етадиган захира яратиш муҳимлигини таъкидлади.

(Материал CFLI лойиҳаси доирасида тайёрланган).