Журналистларни қайта тайёрлаш маркази Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ЙХҲТ кўмагида амалга оширилган “Ёшлар радикаллашувининг олдини олиш: ОАВда ёритиш” лойиҳаси якунларини сарҳисоб қилди. Лойиҳадан кўзланган мақсад оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш орқали бундай таҳдидларнинг олдини олишни кучайтиришга кўмаклашишдан иборат эди.
Қарши, Наманган ва Фарғона шаҳарларида Журналистларни қайта тайёрлаш марказининг тажрибали ва таниқли тренерлари А.Содиқова ва Э.Асановлар томонидан тренинглар ўтказилиб, 100 га яқин журналист, блогер ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари муқобил ҳикоялар билан медиа-контентни тайёрлаш ўқув курсларини тамомладилар. Машғулотлар давомида оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти вакилларининг ушбу масалалар бўйича хабардорлиги оширилиб, ёшлар ўртасида радикаллашувнинг олдини олиш, Интернетдан экстремистик ва террористик мақсадларда фойдаланиш, экстремизм ва терроризм ғояларини оммавий ахборот воситалари орқали тарқалишига қарши курашиш йўллари ва имкониятлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармалари вакиллари ўз тузилмаларининг ёшларнинг радикаллашувига қарши курашиш, уюшмаган ёшлар устидан назоратни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида йиғилганларга маълумот бериб, бу йил ҳудудларда ёшлар радикаллашуви ва диний тарғибот масалаларида қонунбузарлик ҳолатлари бўйича аниқ мисол ва ҳолатлар, статистик маълумотларни келтирди.
Иштирокчилар билан бўлиб ўтган суҳбатда ёшларнинг онлайн соҳадаги ишларни тартибга солувчи қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни билмаслиги, шунингдек, медиасаводхонлик бўйича билимлари паст экани маълум бўлди.
“Ток-шоу”ни суратга олиш ва учта ҳудудий телеканалда намойиш этиш лойиҳанинг муҳим қисми бўлди. Мутахассислар сифатида ҳудудлардаги давлат ва жамоат ташкилотлари – хотин-қизлар ташкилотлари, Ёшлар иттифоқи, прокуратуранинг вилоят бошқармалари, вилоят ички ишлар бошқармаси, Бандликка кўмаклашиш агентлиги вакиллари ҳамда Меҳнатни муҳофаза қилиш маркази тренерлари иштирок этди. Дастур давомида иштирокчилар ва томошабинларга ёшлар билан ишлаш қандай олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Мутахассислар ёшлар ўртасида радикаллашувнинг олдини олиш борасидаги ишларда йўл қўйилаётган камчиликларни таҳлил қилиб, иштирокчиларни бу таҳдидларга қарши курашишга, оммавий ахборот воситаларини эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва фуқаролик жамияти билан фаол ҳамкорлик қилишга, бу борада жамиятда янада очиқликни таъминлашга, бу борада барча каналлардан кенг фойдаланишга чақирди. Мутахассислар ёшларга ҳар қандай муаммоли вазиятларда, фойдали ўқув тадбирларини ташкил этишда ўз ёрдамларини таклиф қилишди.
Иштирокчилар ўртасида ўтказилган сўров натижалари қуйидагиларни кўрсатди:
1. Иштирокчилар радикаллашув хавфи ва таҳдидини англадилар;
2. Радикаллашув даражасини пасайтириш учун ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни спорт секциялари ва тўгаракларига, кўнгиллилар фаолиятига, мусобақа ва танловларга жалб этиш зарур.
3. Оммавий ахборот воситаларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, амалий семинарлар ва очиқ муҳокамаларни кўпроқ ўтказиш.
Тадбир иштирокчилари билан мулоқот тажрибаси шуни кўрсатдики, бундай ўқув машғулотларини мунтазам равишда ўтказиб, кўпроқ ёш журналистлар, фуқаролик жамияти вакиллари, талабалар, коллеж ўқувчилари, шунингдек, ишсиз ёшларни қамраб олиш зарур. Айни пайтда радикаллашувнинг олдини олишда оилалар билан ишлаш, ота-оналар билан маърифий суҳбатлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга.
2024-йил 19-декабрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлари ва экспертлари иштирокида “Марказий Осиё мамлакатларида ёшларнинг радикаллашувининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш” мавзусидаги халқаро давра суҳбати лойиҳанинг якуний тадбири бўлди.
Давра суҳбатида радикаллашув, экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши саъй-ҳаракатларни бирлаштириш бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқилди. Журналистларни қайта тайёрлаш маркази бу борадаги ишларни давом эттиришни режалаштирган.