Халқаро чекишдан воз кечиш куни (ҳар йили ноябрнинг учинчи пайшанбасида, бу йил 18 ноябрда нишонланади) арафасида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Ўзбекистоннинг «Ибн Сино» Жамоат фонди, Ўзбекистон журналистларни тайёрлаш маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни қўллаб-қувватлаш маркази Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда тамаки ва никотин маҳсулотлари истеъмол қилинишига қарши кураршиш масалаларига бағишланган халқаро семинар ўтказади.
ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили бутун дунёда тамаки 8 миллион кишининг ёстиғини қуритади. Ушбу ҳолларнинг 7 миллиондан ортиғи тамакини бевосита истеъмол қилиш сабабли юз берса, тахминан 1,2 миллион чекмайдиган фуқаролар иккиламчи тутун таъсиридан ҳаётдан кўз юмади.
Ўзбекистондаги 2,88 миллион нафар кашандаларнинг ярмиси – 1,4 миллиондан ортиғи чекиш туфайли ҳаётдан барвақт кўз юмиши мумкин.
Семинарнинг мақсади:
Тамаки ва никотинли маҳсулот истеъмол қилинишига қарши қонунчилик масалаларини ўрганиш: ЖССТнинг Тамакига қарши курашиш бўйича Хадли конвенцияси (ЖССТ ТҚКХК)нинг самарали чоралари, Шарқий Европа мамлакатлари тажрибаси, Тамаки индустрияси стратегиялари ва тактикаларини ўрганиш. Бошқа мамлакатларнинг тамаки истеъмол қилинишига боғлиқ муаммолари билан ОАВ орқали таништириш.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари бўйича қўмитаси “Алкогол ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрламоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига дахл қилади. Чунки чекишни чеклаш ҳақидаги комплекс қонунлар:
- одамлар ҳаётини сақлайди ва аҳоли соғлиғига тез ижобий самара кўрсатади;
- иккиламчи тамаки тутуни таъсири даражасини пасайтиради;
- сигареталар истеъмол қилинишини камайтиради ва кашандаларни чекишни ташлашга ундайди;
- чекишнинг ижтимоий мақбуллигини камайтиради ҳамда
- ёшларнинг чекишга ружу қўйишининг олдини олади.