jqtm
Yuklanmoqda...

РАДИКАЛЛАШУВ ВА ТЕРРОРИЗМ ХАВФИНИ КАМАЙТИРИШГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ

5 октябрь куни ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси конференц залида ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар якуний натижаларига бағишлаб ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори катта маслаҳатчиси С.Сизов ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Г.Бобожоновалар кириш сўзи билан очиб,  экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишда ОАВ ҳамда фуқаролик жамияти фаолиятининг аҳамияти ва ОАВ ва ижтимоий тармоқларда радикаллашув, терроризм масалаларини ёритишда журналистик материалларнинг сифати ва самарадорлиги ҳақида гапирдилар.

Бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг яшаб қолиши ва тараққиётига хавф солиб турган терроризм ва зўравон экстремизмнинг моҳиятини  ОАВ ва фуқаролик жамияти фаоллари кенг аҳоли ўртасида тўғри тарғиб этиши муҳим масалалардан бири. Терроризмга қарши кураш йўллари, терроризмга олиб борувчи экстремизм ва радикализмдаги диний жиҳатлар, экстремистик гуруҳлар ва уларнинг “тузоққа тушириш” услубларининг деструктив нарративлари, Ўзбекистон Республикасида терроризм ва экстремизмга қарши курашнинг қонуний асослари ва экстремизмни турли ОАВларда ва ижтимоий тармоқларда эҳтиёткорлик билан ёритиш мақсадга мувофиқдир.

Давра суҳбатида Республика прокуратураси масъул ходимлари, диний идора ва ННТ вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этиб, фейк хабарлар, стереотиплар, нафрат тили, бузғунчи ташвиқотлар хавфи ва фактчекинг кўникмаларининг муҳимлиги, экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишда медиасаводхонлик масалалари, медиасаводхонлик асослари – нима учун фуқаролик жамияти вакиллари, маҳалла фаоллари  медиасаводхон бўлишлари кераклиги, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда журналистлар, блогерлар, фуқаролик жамияти фаоллари фаолиятининг ахлоқий меъёрлари, экстремизм ва терроризм мавзуларини ёритишда ахлоқ нормаларининг аҳамияти, гендер жиҳатлари мавзусида баҳс ва мунозара олиб бордилар.

Тадбир давомида жамиятда радикаллашувнинг олдини олиш бўйича ОАВ, блогерлар, фуқаролик жамияти ва маҳалла фаоллари ҳамда давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда таклифлар ишлаб чиқилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, жорий йилда Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда “Радикаллашув ва терроризм таҳдидларидан ҳимояланишда ОАВ ва фуқаролик жамиятининг  роли” лойиҳаси амалга оширилган. Лойиҳа доирасида журналистлар ва блогерлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари томонидан тинчлик ва барқарорликни асрашга қаратилган сифатли материаллар тайёрланишига эришиш мақсадида республикамизнинг Бухоро, Самарқанд, ва Урганч шаҳарларида тренинглар ўтказилган ҳамда ҳар уччала вилоят телерадиокомпанияси мавзу буйича  ток-шоулар ташкил қилинган.