Ахборот оқими ҳайратланарли даражада шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги даврда журналист ва блогерларнинг медиасаводхон бўлиши нафақат шахсий эҳтиёж, балки жамият хавфсизлиги ва барқарорлиги учун ҳам муҳим омилга айланди. Мана шундай мураккаб медиа муҳитда “Ўзбекистон журналистларининг медиасаводхонлик салоҳиятини ошириш” мавзусида икки кунлик амалий тренинг ўтказилиши — замон талабига жавоб, дейиш мумкин.
Тренинг Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультети, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда фаол журналист, блогерлар ва тадқиқотчи ўқитувчилар иштирок этди.
Биринчи кунданоқ иштирокчилар сўз эркинлиги, журналист хавфсизлиги, ҳуқуқий саводхонлик, ахлоқий меъёрлар ва гендер мувозанати масалалари юзасидан чуқур муҳокамаларга тортилишди. Тренер ф.ф.д., профессор Ёқутхон Маматова таъкидлаганидек, «Журналистиканинг ҳуқуқий ва ахлоқий чегаралари аниқ белгиланмаса, оммавий ахборот воситаси манипуляция қуролига айланиши мумкин.»
Тадбир давомида рақамли муҳитда фейк янгиликлар, манипуляция ва дезинформацияга қарши курашиш мавзусидаги сессиялар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Aqua Trio IT компанияси раҳбари Артур Кан томонидан олиб борилган чиқишларда журналистлар учун киберхавфсизлик, шифрлаш, маълумот ҳимояси каби замонавий йўналишлар ўргатилди.
Журналист Нозима Тошпўлатова таъкидлаганидек:
“Жамият ахборот хавфсизлиги учун биринчи навбатда журналист масъул. Унинг ҳар бир сўзида факт, манба ва этика бўлиши шарт.”
Тренингнинг яна бир долзарб мавзуси — сунъий интеллект воситалари орқали медиа таҳлил ва фейк контентни аниқлаш бўлди. Бугунги кунда AI ёрдамида хабарни тарқатиш осон бўлгани каби, сохтасини аниқлаш имкониятлари ҳам ортиб бормоқда. Тренингда бу борадаги платформалар, технологиялар ва мутахассислар иш тажрибаси тақдим этилди.
Шунингдек, иштирокчилар ўзларининг келгусидаги лойиҳалари устида ишлаб, медиасаводхонлик бўйича медиа-режалар тайёрлашди. Тренинг якунида сертификатлар топширилиб, тест натижалари орқали иштирокчиларнинг билим даражалари баҳоланди.
Бу каби тадбирлар нафақат журналистларнинг билим ва кўникмаларини оширади, балки оммавий ахборот воситалари орқали жамиятда таҳлилий фикрлаш маданиятини ҳам шакллантиради. Чунки ҳақиқатни аниқлаш учун аввал ОАВ вакилининг ўзи ҳақиқатни таниган бўлишингиз керак.








