jqtm
Yuklanmoqda...

“Ижтимоий ўзгаришлар даврида оммавий ахборот воситаларининг ўрни” лойиҳаси Наманганда

Наманганда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан амалга оширилаётган “Ижтимоий ўзгаришлар даврида оммавий ахборот воситаларининг ўрни” лойиҳаси доирасида “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” мавзусида  икки кунлик Мулоқот ташкил этилди. Тадбирга диний конфессиялар, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари таклиф этилдилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур лойиҳа ўтган 2023 йилда бошланган бўлиб, унга республикамизнинг еттита ҳудуди – Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва пойтахт Тошкент шаҳри  тажриба-синов тариқасида қамрам олинган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида мазкур ҳудудларда фаолият кўрсатаётганжурналистлар, блогерлар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун диний бағрикенглик масалалари бўйича билим ва салоҳиятни оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилган.

Жорий йилнинг илк кунлариданоқ лойиҳанинг кейинги босқичига старт берилди.  Мулоқотларга тарихчи, олим ва экспертлар ҳам жалб қилинганлар.

– Мулоқот шуниси билан аҳамиятли бўлмоқдаки, турли динга эътиқод қилувчилар бир даврага жамланганлар. – дейди лойиҳа медиатренери, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, филология фанлари доктори Наргис Қосимова. – Иштирокчиларнинг юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни асраш ва кенг тарғиб қилишда оммавий ахборот воситалари, хусусан журналистлар ва блогерлардан етарли билим ва тажриба талаб этилади. Ўтказилаётган бу каби тадбирлар эса соҳа вакилларининг ушбу йўналишда касбий малакаси ва кўникмаларини шакллантиришга, сифатли контент яратишга ёрдам беради.

Мулоқотда иштирокчилар динлараро муносабатларнинг моҳияти ҳамда вазифалари, бу борада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар, уларни бартараф этиш  чоралари  тўғрисида ўзаро фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашдилар. Ал-Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Алимжонов қатнашчиларга дунёвий давлатда диний ташкилотларнинг фаолият юритиши масалалари, муаммолар ва уларнинг ечимлари, динлараро ва бир дин ичидаги муносабатларда бағрикенглик тушунчаси, мамлакатимиздаги турли динлар илдизлари, тарихи ва бугунги кундаги ривожланиши бўйича илмий асосланган маълумотларни тақдим этди.

Шунингдек, журналистларнинг диний конфессия вакиллари билан ўзаро муносабати: воқелик, стереотиплар, Ўзбекистонда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик, тинч-тотув яшаш ҳақидаги муқобил ривоятлар, муваффақиятли ҳикояларга мисоллар, аудиторияни ўзига жалб қилувчи, янги форматлар ва янги ёндашувлар билан қизиқарли  ёритиш учун умумий ёндашувларни излаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир иштирокчилари учун Наманган шаҳридаги “Юсуфжон ўғли Қосимжон” жомеъ масжиди, Наманган шаҳар рус православ черкови ҳамда Наманган шаҳар “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф ташкил қилинди.