jqtm
Yuklanmoqda...

Навоий вилояти журналистлари ижтимоий-иқтисодий мавзуларни ёритишнинг янги усулларини ўзлаштирди

Журналистларни қайта тайерлаш маркази тренерлари Фридрих Эберт жамғармаси кўмагида Навоий шаҳрида оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий ривожланиш ва фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш имкониятларини ошириш бўйича навбатдаги ўқув семинарини ўтказди. Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари вакиллари, вилоятдаги ёш блогерлар иштирок этди.

Тренингда Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси етакчи мутахассиси Фарух Бафоев “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад, вазифалари ва мазмун-моҳияти, иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, ҳуқуқ кафолатлари ва фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумот берди. Мутахассис вилоятнинг маҳалла ва чекка қишлоқларидаги ижтимоий марказлар фаолияти, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ёрдам кўрсатиш ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Муҳокама давомида журналист ва блогерлар яқинларининг қаровисиз қолган кексалар, меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, маҳаллаларда ижтимоий ходим фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига оид саволларга атрофлича жавоб олди. Мутахассисга ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича электрон платформанинг ишлаш тамойиллари, ногиронликни белгилашнинг янги қоидалари, ижтимоий хизматлар кўрсатишда коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш юзасидан кўплаб саволлар берилди.

Амалий машғулотлар давомида иштирокчилар ижтимоий-иқтисодий мавзуларда контент тайёрлашнинг замонавий усул ва воситаларини ўзлаштирдилар. Иштирокчилар кичик гуруҳлар ва жуфтликларда ишлаб,  иқтисодий журналистиканинг мазмун-моҳияти, ижтимоий ва иқтисодий мавзуларда медиа материалларини тақдим этишнинг замонавий форматлари, усуллари, маҳаллий ОАВ ҳолатларини таҳлил қилиш мисолида, контентни тақдим этиш хусусиятлари тушунтирилди. Ўқув-семинар давомида муҳокама қилинаётган мавзунинг ахлоқий ва гендер жиҳатлари, нашр номлари, журналистнинг очиқ манбалар билан иши, медиа дизайндаги замонавий тенденциялар, визуализация, маълумотлар журналистикаси воситалари ва медиасаводхонликка оид амалий ишлар ҳам таҳлил қилинди.

Иштирокчилар фактчекинг, сохта ва дезинформацияларни фош қилиш бўйича амалий машғулотларни бажардилар. Муҳокама чоғида иштирокчилар ўз оммавий ахборот воситаларида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларини ёритиш бўйича олиб борилаётган ишлар, муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини ижтимоий сиёсат масалаларида янада очиқликка эришиш борасидаги ишларни фаол ва қизиқиш билан муҳокама қилдилар. Шунингдек, давлат матбуот хизмати вакилларининг иқтисодий мавзуларни ёритиш ва журналист ва блогерлар ишига кўмаклашишдаги ўрни, бу борадаги маълумотларга эга бўлиши ҳақида суҳбат бўлди.

Икки кунлик иш якунлари бўйича ўқув-семинар иштирокчилари томонидан иқтисодий ислоҳотлар ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларини самарали ёритиш бўйича медиа-режалар ишлаб чиқилди. Умуман олганда, тадбир Навоий вилояти журналист ва блогерларига мазкур мавзуни самарали ёритишнинг касбий ва технологик имкониятларини қайтадан баҳолаш ва амалиётда қўллаш имконини берди.