jqtm
Yuklanmoqda...

МУҲОКАМА МАВЗУСИ ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК МАСАЛАЛАРИ

Нукусда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан амалга оширилаётган “Ижтимоий ўзгаришлар даврида оммавий ахборот воситаларининг ўрни” лойиҳаси доирасида “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” мавзусида  икки кунлик Мулоқот ташкил этилди. Тадбирга диний конфессиялар, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари таклиф этилдилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур лойиҳа ўтган 2023 йилда бошланган бўлиб, унга республикамизнинг еттита ҳудуди – Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва пойтахт Тошкент шаҳри  тажриба-синов тариқасида қамрам олинган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида мазкур ҳудудларда фаолият кўрсатаётган    журналистлар, блогерлар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун диний бағрикенглик масалалари бўйича билим ва салоҳиятни оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилган.

Жорий йилнинг илк кунлариданоқ лойиҳанинг кейинги босқичига старт берилди. Январ ойида Тошкент шаҳрида ва бугун Нукус шаҳрида ташкил қилинган Мулоқотларга тарихчи, олим ва экспертлар ҳам жалб қилинганлар.

Мулоқот шуниси билан аҳамиятли бўлмоқдаки, турли динга эътиқод қилувчилар бир даврага жамланганлар. – дейди лойиҳа медиатренери, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, филология фанлари доктори Наргис Қосимова. – Иштирокчиларнинг юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни асраш ва кенг тарғиб қилишда оммавий ахборот воситалари, хусусан журналистлар ва блогерлардан етарли билим ва тажриба талаб этилади. Ўтказилаётган бу каби тадбирлар эса соҳа вакилларининг ушбу йўналишда касбий малакаси ва кўникмаларини шакллантиришга, сифатли контент яратишга  ёрдам беради.

Мулоқотда иштирокчилар динлараро муносабатларнинг моҳияти ҳамда вазифалари, бу борада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар, уларни бартараф этиш  чоралари  тўғрисида ўзаро фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашдилар. Ал-Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Алимжонов, ЎзР ФА Археология институти  катта илмий ходими Элдор Асановлар қатнашчиларга дунёвий давлатда диний ташкилотларнинг фаолият юритиши масалалари, муаммолар ва уларнинг ечимлари, динлараро ва бир дин ичидаги муносабатларда бағрикенглик тушунчаси, мамлакатимиздаги турли динлар илдизлари, тарихи ва бугунги кундаги ривожланиши бўйича илмий асосланган маълумотларни тақдим этдилар.

Шунингдек, журналистларнинг диний конфессия вакиллари билан ўзаро муносабати: воқелик, стереотиплар, Ўзбекистонда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик, тинч-тотув яшаш ҳақидаги муқобил ривоятлар, муваффақиятли ҳикояларга мисоллар, аудиторияни ўзига жалб қилувчи, янги форматлар ва янги ёндашувлар билан қизиқарли  ёритиш учун умумий ёндашувларни излаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир давомида мулоқот қатнашчилари учун Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад Ал- Беруний ўрта махсус ислом билим юрти, Имом Эшон Муҳаммад номли жомеъ масжиди ҳамда Нукус шаҳар Рус православ черковига ташриф ташкил қилиниб, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга тўлиқ ахборот ва маълумот берилди.

-Мен Қорақалпоқ миллий телерадиокомпаниясининг телевидение йўналишида фаолият кўрсатиб келаман. – дейди мулоқот иштирокчиларидан Шаҳнозабону Балтаниязова. – Мазкур мулоқот  мен учун, қолаверса, ҳудудимиздаги деярли кўпчилик журналистлар учун янгилик бўлди. Чунки мен илгари бу мавзу бўйича умуман тренингларда ва бошқа тадбирларда қатнашмаганман ва бу мавзуга қўл урмаганман. Бу ерда экспертлар иштирокида жуда кўплаб билим ва кўникмаларни олдим. Диний бағрикенглик тўғрисидаги қарашларим ўзгарди. Айниқса, рус православ черкови, ислом билим юрти ва жомеъ масжиди билан танишувимиз, у ерда олган маълумотларимиз келгусидаги иш фаолиятимиз учун қўлланма бўлади, деб айта оламан.

Нодира Алимова, медиатренер