Бугун Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида навбатдаги семинар-тренинг ўтказилди.
“Глобал фуқаролик – тинчлик сари йўл. Зўравон экстремизмнинг олдини олиш” мавзусига бағишланган мазкур семинар-тренинг лойиҳа бўйича ҳамкорлар – Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги билан биргаликда ташкил қилиниб, унда институтнинг энг фаол ўқитувчи ва талабалари иштирок этишди.
Тадбирнинг кириш қисмида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакилининг ўринбосари Ражабали Норқўчқоров сўзга чиқиб, мавзуга оид фикрларини билдиришди.
“Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова ўз навбатида мамлакат Президентининг шу йил 1 июлдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича 2021-2026 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси, унинг устувор йўналишлари, мақсади ва вазифалари ҳақида тўхталди. Шунингдек, “Юксалиш” АМРМ томонидан DVVнинг Ўзбекистондаги Филиали кўмагида ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси ҳақида кенг маълумот берди. Мазкур халқаро лойиҳа ва Миллий стратегиянинг мақсадлари ўртасида, айниқса, ёшлар орасида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг иштирокини кенгайтириш борасида ўзаро муштараклик борлигини таъкидлади.
Интерфаол тарзда ўтказилган семинар-тренингда иштирокчилар катта ва кичик гуруҳларда ишлаб, глобал фуқаролик ва глобал фуқаронинг пировард мақсадлари, жамиятда зўравон экстремизмни келтириб чиқарадиган ва рағбатлантирадиган омиллар ҳақида кенг тушунчага эга бўлишди, экстремизмга қарши курашишда ҳар бир инсоннинг вазифлари нимадан иборатлигини билиб олишди. Семинар-тренингда мавзуни ўзлаштиришда ақлий ҳужум, бахс-мунозара ва бошқа самарали услублардан фойдаланилди.