Қашқадарё вилояти «Юксалиш» ахборот-маслаҳат ресурс маркази вилоят бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ишсиз фуқароларга касб-ҳунар ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил қилди.
Компьютер саводхонлиги – офис менежерлар тайёрлов курси тренери – Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалининг ўқитувчиси Ҳожиакбар Эгамбердиев.
«Ишга марҳамат» мономаркази ҳудудида фаолият бошлаган бу бепул курслар Немис халқ университетлари ассоциацияси(DVV)нинг Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида очилди.
Ҳозир бу ерда асосан «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар компьютер саводхонлигини ошириш ва офис менежерлар тайёрлаш ҳамда хотин-қизлар кийимлари ва элита пардаларини бичиш ва тикиш йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўрганишмоқда. Тез орада қандолат маҳсулотлари пишириш ва меҳмон кутиш (официантлар тайёрлаш) йўналишларида ҳам назарий ва амалий ўқув бошланади.
– Уч нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим савдо дўконида сотувчи бўлиб ишлайди, – дейди Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи 32 ёшли уй бекаси Феруза Муродова. – Бепул ўқув курслари ҳақида маҳалламизда «Юксалиш» маркази ўтказган лойиҳа тақдимотида эшитган эдим. Ҳозир турли компьютер дастурларида ишлашни ўрганаяпман, уларни яхши ўзлаштирганимиздан сўнг офис ҳужжатлари тузишни ва давлат тилида иш юритишни ҳам ўргатишар экан. Уйлайманки, бундай билимлар билан мен ўзимга, албатта, яхши иш топаман.
– Мен эса тикувчилик курсини битиргандан кейин ўз бизнесимни бошлаш ниятидаман, – дейди яна бир уй бекаси, вилоят марказидаги Маҳаллот маҳалласида яшовчи тўрт фарзанд онаси Муқаддас Раҳматова. – Шу соҳада ишлаб, муваффақият қозонган, маҳоратли устозлардан сабоқ олаётганим учун ҳам режаларим амалга ошишига ишонаман.
Лойиҳа доирасида ўқув курслари учун зарур ускуна ва жиҳозлар, компьютер техникаси харид қилиниб, машғулотларни ўтказишга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалининг ўқитувчиси ҳамда катта тажриба ва кўплаб шогирдларга эга бўлган тадбиркорлар жалб қилинди. Зарурият туғилганда, марказ мутахассислари – психолог, юрист ва ижтимоий ходим томонидан тингловчиларга бепул маслаҳатлар берилмоқда. Шунингдек, касб ўрганувчилар учун мотивацион тренинглар, битирувчилар учун эса тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш бўйича махсус курслар ўтказиш кўзда тутилган.
– Лойиҳа доирасида тўртта йўналиш – офис менежерлар ва официантлар тайёрлаш, тикувчилик ва қандолатчилик бўйича жами 255 нафар кишига касб-ҳунар ўргатиб, улардан 200 нафарини тадбиркорлик асослари курсларида ҳам ўқитиш мўлжал қилинган, – дейди «Юксалиш» ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. – Кейинчалик тадбиркорлик курслари битирувчилари ўртасида танлов ўтказилиб, унинг ғолибларига ўз бизнес-ғоялари ёки гуруҳ «стартап»ларини амалга ошириш ва зарур асбоб-ускуна, технологиялар сотиб олиш учун кичик грантлар берилади.
Шу ўринда эслатиш жоизки, «Юксалиш» маркази томонидан DVVнинг Ўзбекистондаги филиали кўмагида ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳанинг асосий мақсади мамлакатимизда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат. Унинг доирасида ишсиз фуқароларга касб-ҳунар ва бизнес асосларини ўргатиш баробарида ёрдамга муҳтож кишилар учун психологик ва юридик маслаҳатлар, ижтимоий кўмак берилиб, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда турли давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.