jqtm
Yuklanmoqda...

Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик – барқарор тинчлик гарови

2024 йилнинг 26-27 март кунлари пойтахтимизда «Марказий Осиёда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалаларини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон медиа соҳаси вакиллари билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан мутахассислар иштирок этишди.

Қайд этилишича, Марказий Осиё халқлари қадимдан турли дин ва миллат вакиллари билан ёнма-ён, ахил-иноқ яшаб келишмоқда. Кейинги йилларда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилгани сабабли миллатлараро дўстлик алоқалари ҳам ривожланиб бормоқда. Ютуқлар билан бир қаторда муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, ижтимоий тармоқларнинг ривожи медиа олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда.

Ўзбекистон Журналистларини қайта тайёрлаш марказининг “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” лойиҳаси доирасида ташкил этилган давра суҳбатида диний бағрикенглик мавзуларни ёритишда ахлоқий жиҳатлар, қонунчиликдаги янгиликлар, мавзуни халққа етказишда ўзига ҳос ёндошувларга эътибор қаратиш лозимлигига тўхталиб ўтилди.

Лойиҳа ҳақида тўхталиб ўтсак, у динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенгликнинг кўп конфессияли, кўп миллатли жамиятимиз учун беқиёс қадри ва аҳамиятига яна бир бор амин бўлиш имконини берди.

Лойиҳанинг ўқув компоненти 7 та нуқтада – Наманган, Нукус, Бухоро, Тошкент, Урганч, Фарғона ва Андижонда ўтказилди. Олти ой давомида мазкур ҳудудлардаги журналистлар, блогерлар ва фуқаролик жамияти фаоллари учун 7 та икки кунлик тренинглар ҳамда шунча муҳокама диалоглари ташкил этилди.

Тренинглар давомида маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари, блогерлар ва фуқаролик фаоллари бағрикенглик муаммоси, кўп конфессияли Ўзбекистонда динлараро бағрикенгликнинг аҳамияти ва муаммолари бўйича ўз билим ва хабардорлигини оширишга муваффақ бўлди. Мини-маърузалар, баҳс-мунозаралар ва ақлий ҳужумлар орқали иштирокчилар оммавий ахборот воситаларида ушбу нозик ва кўп қиррали масалани ёритишнинг усул ва ёндашувларини ўзлаштира олдилар. Машғулотлар давомида турли оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзуни ёритишнинг ахлоқий, ҳуқуқий ва ижодий жиҳатлари бўйича тушунтиришлар берилди. Бу масалани ижтимоий тармоқларда ёритишда стереотиплар ва “нафрат нутқи”нинг салбий таъсирини тушунтиришга катта эътибор қаратилди.

Халқаро давра суҳбати иштирокчилари ижтимоий тармоқларда учрайдиган нафрат нутқи, баъзан эса диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилишнинг кўплаб мисолларини келтирдилар. Айрим онлайн “воизлар”да шов-шувга эришиш тенденцияси мавжуд бўлиб, бу аҳолининг диндорларнинг ҳақиқий ҳаёти ҳақидаги тушунчасини бузади. Тадбирнинг қимматли натижаси иштирокчилар томонидан мавзуни маҳаллий мисоллар сифатида ёритиш учун янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўлди.

Лойиҳа доирасида журналист ва блогерлар диний озчилик вакиллари, уларнинг урф-одат ва маросимлари, диний жамоаларнинг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги иштироки ҳақида сифатли контент тайёрлаш бўйича мутахассислардан тавсиялар олди. Хусусан, мавзунинг гендер жиҳатларини ҳисобга олиш, нашрларда қаҳрамонлар фикрига мутаносиб, мувозанат сақлаган ҳолда ёндашишни таъминлаш, мутахассислар фикрига мурожаат қилиш, ахборот манбалари билан пухта ишлаш зарурлиги тушунтирилди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чоп этилган журналистик интервюлар, репортажлар ва бошқа материаллар лойиҳанинг ижобий натижаси бўлди. Толерантлик лойиҳаси тренерлар учун ўзига хос «профессионал мувофиқлик» синовига айланди. Деярли ҳар бир тадбирда улар ўзларининг бағрикенглик даражасини, инсоний ва профессионал маданиятини баҳолашлари керак эди. Лойиҳа ниҳоясига етмоқда, лекин журналистлар ва блогерларнинг иши эндигина бошланмоқда. Олдинда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик мавзусини малакали, ижодий ва қизиқарли ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжуд.