jqtm
Yuklanmoqda...

БУХОРОДА “ЗИДДИЯТЛАРГА СЕЗГИР ЖУРНАЛИСТИКА ЖАМИЯТДА РАДИКАЛЛАШУВ ВА ТЕРРОРИЗМ ХАВФИНИ КАМАЙТИРИШ ВОСИТАСИ СИФАТИДА” МАВЗУСИДА ТРЕНИНГ БЎЛИБ ЎТДИ

Республика Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) билан ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Зиддиятларга сезгир журналистика жамиятда радикаллашув ва терроризм хавфини камайтириш воситаси сифатида” лойиҳаси доирасида ўтказилган икки кунлик тренингга журналистлар, блогерлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари таклиф этилдилар. Тренингни Журналистларни қайта тайёрлаш марказининг медиа тренерлари – Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети доценти, филология фанлари доктори Наргис Қосимова ва “Қалб нури” ННТ раҳбари, Журналистлар уюшмаси аъзоси Нодира Алимовалар ўтказишди.

Терроризм ва экстремизмга, шу жумладан диний экстремизмга қарши курашиш соҳасида ижтимоий мулоқотнинг энг муҳим воситаси оммавий ахборот воситалари (ОАВ)дир. ОАВ аҳолини ушбу таҳдидлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилаолади. Ҳозирги кунда ОАВ ва блоглар жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутиб, унинг ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Журналистларнинг одоб-ахлоқ кодексида таъкидланганидек, сиёсатчилар каби ОАВ ҳам жамиятда кечаётган жараёнлар учун масъулдир. Улар миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ижтимоий муносабатларни, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштиришга кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга.

 ОАВ ва фуқаролик журналистлари бугунги кунда миллатлараро муносабатларнинг анъанавий ва замонавий ижобий амалиётларини оммалаштириши, жамиятда кўпинча радикаллашув ва экстремизмга олиб келадиган миллатчилик ва ксенофобияга қарши туриши зарур. Журналистлар ва блогерлар бағрикенглик тамойиллари декларацияси ҳамда “Тинчлик маданияти тўғрисида”ги декларацияга мувофиқ бағрикенглик ва тинчликсеварлик тамойилларини тарғиб қилишлари зарур. Бу ишда мамлакатимиз аҳолиси билан бевосита иш олиб бораётган фаоллар – фуқаролик жамияти – нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва маҳалла фаоллари ҳам муҳим восита ҳисобланади. Шу муносабат билан уларнинг тайёргарлигини чуқурлаштириш, можароларни ҳал этиш, радикаллашув ва терроризмга қарши курашиш бўйича малакасини ошириш муҳимдир.

Тренинг давомида тинчликни мустаҳкамлаш жараёнларида ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролик фаолларининг иштирокини кенгайтириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш орқали радикаллашув, экстремизм ва терроризм каби таҳдидларга қарши курашишда профилактикани кучайтиришга кўмаклашиш, ОАВ ва фуқаролик жамияти вакилларининг замонавий таҳдидлар ва терроризмга олиб келувчи экстремизм ва радикаллашувга қарши курашиш усуллари ҳақида хабардорлигини ошириш, Ўзбекистондаги журналистлар, блогерлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг тинчликпарварлик масалалари бўйича кўникмаларини ривожлантириш, зиддиятли журналистика кўникмаларини эгаллаш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мавзуларни ёритиш, зўравон терроризмга олиб келувчи экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти ўртасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш каби долзарб масалаларда иштирокчиларнинг билим ва малакалари оширилди. Тадбирда Бухоро вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Анвар Исанов иштирок этиб, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди.

  • Биз ёш журналистлар учун бундай тренинглар жуда зарур, – дейди Бухоро вилоят телевидениеси муҳаррири Саломат Зохирова, – чунки билган маълумотларимизни мустаҳкамлаб олиш, билмаганларимизни ўрганиш имконияти берилганидан хурсандмиз.

Шунингдек, Бухоро вилоят телерадиокомпаниясида тренинг қатнашчилари ҳамда экспертлар иштирокида радикаллашув ва терроризмнинг олдини олиш бўйича “Долзарб мавзу” деб номланган “Ток шоу” ўтказилди. Мазкур “Ток шоу” тез кунларда эфирга узатилади.