Жорий йилнинг 4-5 март кунлари Бухоро шаҳридаги “Азия-Бухоро” меҳмонхонасида “Динлараро ва дин ичидаги бағрикенглик масалалари” мавзусида мулоқотлар бўлиб ўтди. Мулоқотларда Мир Араб мадрасаси, Рус православ черкови вакиллари, талабалар, вилоятдаги журналист ва блогерлар иштирок этди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита кўмагида ташкил этилди.
Икки кун давом этган муҳокамаларда виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатларининг ҳуқуқий асосларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиш, дин ичидаги ва конфессиялараро бағрикенглик, аҳоли ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Мутахассислар Элдар Асанов, Бахтиёр Алимжонов, диний муассасалар вакиллари, журналистлар ўз чиқишларида Бухородаги бой тарихий анъаналар, бугунги кундаги конфессиялараро бағрикенглик ҳолати ҳақида маълумот берди. Диний ташкилотлар фаолияти, хусусан, Бухоро шаҳридаги Мир-Араб мадрасаси, Рус православ черковининг Арчангель Михаил ибодатхонаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Мулоқотларда иштирокчилар экспертлар билан биргаликда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тақдим этилаётган медиа-контент сифатини муҳокама қилдилар.
Мулоқотлар якунлари бўйича маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ушбу нозик мавзуни самарали ёритиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Дин ичидаги, конфессиялараро бағрикенглик ва турли конфессия вакилларининг тинч-тотув яшаши ҳақида муқобил нарративларни тайёрлашнинг замонавий формат ва усулларига алоҳида эътибор қаратилди.