6-декабрь куни Адлия вазирлигида Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда 40 нафарга яқин ННТ раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Бу каби очиқ мулоқотлар барча ҳудудий адлия бошқармаларида ҳам ўтказилди. Асосий мақсад — фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш, фикр алмашиш, соҳада мавжуд ислоҳотларни муҳокама этишдан иборат. Тадбирда адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов иштирок этди.
Таъкидлангандек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда фуқаролик жамияти институтларига алоҳида боб ажратилди. Жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқаролик жамиятининг асосларини ташкил этиши белгилаб қўйилди.
Умуман, сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Бунинг натижасида 20 дан зиёд қонун, Президент ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди.
Фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта ННТлар эркин фаолият юритмоқда, уларда 70 мингга яқин инсонлар меҳнат қилмоқда.
“Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ролини янада ошириш, уларнинг фаолиятини ривожлантиришга қаратилган.
2025-йилда давлат томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш дастури ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Дастурни ишлаб чиқилишидан кўзланган мақсад фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантириш, таълим, тиббиёт, экология, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларнинг энг долзарб муаммолари ечимига қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдир.
Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, ННТлар учун қўшимча имкониятлар ҳақида ўртоқлашди.
Мулоқот якунида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳамда ижтимоий фойдали дастурларни амалга оширишда кўрсатган ташаббуслари учун 14 нафар ННТ раҳбарлари Адлия вазирлиги ташаккурномаси билан тақдирланади.
Маълумот учун, Фуқаролик жамияти ҳафталиги 2—6-декабрь кунлари долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун бешта давлат, 40 та халқаро ташкилот вакили ва 2 минг нафардан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирди. Ҳафталик “Юксалиш” ҳаракати, Адлия вазирлиги, Олий Мажлис палаталари ва бошқа бир қатор ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган.
Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати