Муборак Ҳадиси шарифларда етимнинг бошини силаган беқиёс савоб олиши таъкидланган. Бугунги кунимизда, дунё ташвишлари билан одамзод банд бўлиб турган, қариндошлар ўртасида бегоналашув кузатилаётган бир паллада бировнинг боласини қарамоғига олган оила соҳиблари чинакам олийжаноб, матонатли инсонлардир. Шундай матонат соҳибаси Фарғона шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Зиёда Валиева. Турмуш ўртоғи Набижон Валиев билан биргаликда 6 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ўз бағрига олган.
– Ҳали фарзандларингиз ёш бўла туриб, яна болалар парвариши ва тарбиясини зиммангизга олиш масъулиятидан қайсидир маънода чўчимадингизми? Аниқроқ айтсак, ортиқча “ташвиш” сизни хавотирга солмадими?
– Дадам ёшлигимизда эрта оламдан ўтган. 5 нафар фарзанд онам билан бўзлаб қолганмиз. Онам бизларга жуда меҳрибон бўлган. Тўрттала қиз ўқитувчи бўлишимиз, укам иқтисодчи бўлиб, жамиятга қўшилиши учун умрини бахшида қилди. Ёшим қирқда бўлишига қарамай ҳануз қўнғироқ қилиб, иссиқ кийиндингми, тузукмисан болам, дея ҳавотир оладилар. Шундай меҳрибон инсон ёнида бўлсак ҳам, отамнинг ўрни жуда билинган. Меҳрибонлик уйидаги болаларчи? Улар йиллаб кутади. Ким мени олиб кетаркан? Отам ёки онам келармикан? деб йўл қарайди. Уларнинг дардлари менга бегона эмас. Имконим даражасида болаларни асраб олиб, меҳр бераман деб мақсад қилдим. Худога шукр, ниятимга етдим. Ҳеч қачон уларни боқишдан, масъулиятидан қочмаганман, чўчимаганман. Агар беришса, яна асраб олган бўлардим. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, болаларни яқинлари қарамоғига олиб, меҳрибонлик уйига топширмайди. Натижада болалар сарсон. Ҳали у қариндошиникида, ҳали бу қариндошиникида юради. Кўп бора мутасаддиларга шундай ҳолатлар кузатилса менга айтишлари, уларни оиламга қабул қилишимни билдирганман. Мактабимизда 3 мингдан зиёд болалар бор, уларнинг баъзилари оилавий шароити сабабли турли кайфиятда бўлади. Қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ўз болам қаторида кўраман. Ўқитувчи ёки директор ўринбосари сифатида қарамайман.
Турмуш ўртоғим ўқимишли, тушунган инсон. Бу ҳақда сўз очганимда айтишга осон, “Кучингиз етармикан?” деган саволни берди. Мен қўрқмай “етади” дедим. Турмуш қурганимизга 16 йил тўлган бўлса, улардан шу вақтгача ўзим учун ҳеч нарса сўрамаганман. Бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Орзуимни амалга оширишга ёрдам беришини айтганимда, у жавобан жилмайиб, “Сиз бахтли бўлсангиз бўлди”, дедилар. Болаларим ҳам ўзимга ўхшаган. Ҳар сафар меҳрибонлик уйларига борганимда уларнинг кўзидаги мунгдан эзилардим. Уйи, кийими, егани овқати бору, кўзларида қувонч йўқ, маъюс. Қанийди улар ҳам оиламиз бағрида улғайса-ю, сизлардек қувониб юрса, дея таъкидлардим. Бола асраб олиш масаласи ҳал бўлганида ўзингизни ҳам фарзандларингиз кўп экан дейишиб, 5 нафар бермоқчи бўлишди. Катта қизим Шарофатхон шунда “Бизга жуфт қилиб беринг, тоқ бўлиб қолмайлик”, дея илтимос қилган. Унинг гаплари инобатга олиниб, 3 ўғил, 3 қиз беришди. Ўн гулбоғнинг онасига айландим.
-Бугун ўзи боласини сотаётганлар, қаерларгадир ташлаб кетаётганлар ҳам учраб турибди орамизда. Сабаби сўралганда моддий имконсизлик рўкач қилинади. Сизда 10 нафар болани боқишга имкон, шароит етарлими?
-Кўпчилик етишмовчилик, қийналиб қолдим дея, оиласидаги арзимаган сабаблар баҳонасида болаларии ташлаб кетади ёки сотиб юбораётган ҳолатлар бор. Шундай воқеаларни эшитганимда жаҳлим чиқиб кетади. Бу ўзбек аёли учун хос эмас. Ҳаётга енгил қараш, иродасизлик деб биламан. Оналик мақоми жуда улуғ. Бир фарзандни тарбиялаб, уни вояга етказиш машаққатли. Бундай аёлларга ҳурматим юксак. Турмуш ўртоғимга доимо айтаман. Майли менга шоҳона ҳаёт берманг, дастурхонимда тансиқ таомлар бўлмасин, топганиз ҳалол бўлса кифоя дейман. Қанийди аёлларимиз ҳеч қачон бундай жиноятни содир этишмаса… Худойимнинг берган неъматини йиғлатиб, гуноҳга ботишмаса… Кўп аёллар «Бахтли бўлишга ҳаққим борми?», «Ўзимни боқа олмайману, уни қандай таъминлайман» деган гапларни айтишади. Фарзандни Оллоҳ беради. Унинг ризқини ҳам. Аёл киши ўзини қурбон сифатида кўрсатиши нотўғри. Осон эмас, биламан, турли вазиятлар бўлади. Аммо она курашиши керак, у кўп ишга қодир эканлигини билмайди, холос.
Шароит масаласига келсак, ростини айтаман даланинг бир чеккасида ҳовли қилганмиз (кулади). Фарғона вилояти Фарғона туманининг «Саткак» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиламиз. Бошида роса ўйландим. Болалар қийналмасмикан, деган хавотир бор эди. Вақт ўтиб, турмуш ўртоғим шаҳардан қолишмайдиган барча шароитларни яратиб берди. Ёнимизга қўшнилар ҳам кўчиб келди. Қизларга алоҳида, йигитларга алоҳида хона қилдик. Алоҳида ошхона, дарсхона бор. Бир инсон учун нимаики зарур бўлса барчаси мавжуд.
-Биринчи кун… У қандай ўтди?
-Бу кун ҳеч қачон унутилмаса керак. Улар келган кунидан бошлаб, бизларни «аяжон», «дадажон» дейишган. Бир неча дақиқага йўқ бўлиб қолсам, «Аяжон қаерга кетдингиз?», «Онажон қанисиз?», «Кетиб қолмадингизми?» деб ахтаришни бошлашади. Юрагим ғалати бўлиб кетади шунда. Оллоҳга шукр, қандай бахтлиман, деб юбораман. «Шу ердаман», «Ҳозир чиқаман» десам кутиб ўтиришади. Айниқса, рус миллатига мансуб, 10 ёшли Артур бошқача. Бир куни мени «Акбар» деб чақиринг онажон, бу исм менга жуда ёқади-да дейди. Ҳозир ҳамма уни Акбар деб чақиради. Нотанишлар Артур, деса қарамайди. Шунда янги исмингизни кўпчилик билмайди, жавоб беринг, деб куламан. Қоронғу тушиши билан ортимдан изма из юради. «Қаерда ухлайсиз?», «Менга алла айтиб беринг» деса алланечук бўлиб кетаман. Неча кундан бери бирга яшаётган бўлсак унга алла айтиб бераман, кейин ухлайди.
Даша ҳам рус милатига мансуб, уни Дарья деб чақирамиз. Турк миллатига мансуб Каренни эса Каримжон. Лейла, Жасмина, Артур, Фарҳоджонлар барчаси жуда меҳрибон. Шарофат, Нилуфар, Ҳасан-Ҳусанлар билан опа-ука, ака-ука бўлиб кетишди.
Ҳасанбой ўғлим аввал озгина қизғанчиқлик қилди. Ўйинчоқлари, нарсаларини яшириб, гапиришса қовоғини солиб олди. Аммо уларнинг меҳр билан гапиришлари, ака-ука дейишларидан овуниб, ўрганди.
Биринчи куни ўғил болаларга диван етмай қолганди (кулади). Шунда турмуш ўртоғим диванини олиб чиқиб берди. Уларга айвонга жой солиб бердим. Кечқурун электр токи ўчиб қолди. Яхши ухлашяптимикан, деган хавотирда хоналарига кирсам, ҳеч бири жойида йўқ. Ҳайрон қолдим. Бу ҳақда турмуш ўртоғимга айтмоқчи бўлдим. Қарасам, бешала ўғил ҳам дадасининг атрофига жойлашиб, ухлашяпти. Ажойиб манзара. Бири пинжида, бири бош томонидан, бири оёғига бошини қўйиб олган. Болалар меҳрга ташна бўлишган. Истамасангиз ҳам кўзларингиздан ёш қалқийди.
-Ёш оналарга қандай тавсия бера оласиз?
– Фарзандларимнинг доимо яхши яшашлари, бахтли, барча ҳавас қиладиган инсон бўлишлари учун ҳаракат қиламан. Сиз ҳам ҳаракат қилинг. Ҳаётда ҳеч бир инсон ота-оначалик боласига жон куйдирмайди. Фарзандингизни аввало сизга меҳр кўрсатиши, инсонларга нисбатан унда меҳр уйғониши учун қучоқлаб, яхши кўришингизни айтиб туринг. Қулоғига шивирлаб «Болам, сени яхши кўраман» денг. У аввало меҳрингизни ҳис қилиши керак.
Камола ПОЛВОНОВА суҳбатлашди