ПРЕСС-РЕЛИЗ
Оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланди
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятини кенг ёритиш, жамоатчиликка етказиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда фаол иштирок этган журналистлар, блогерлар ва интернет нашрлари вакилларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ходимлари, етакчи ОАВ вакиллари, тажрибали журналистлар иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади — ННТлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жамиятда фаол фуқароликни шакллантиришда ОАВнинг беқиёс ҳиссасини эътироф этишдан иборат.
Шу муносабат билан, ННТларнинг инсон ҳуқуқлари, инклюзия, ёшлар масалалари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий тенглик ва маҳаллий ташаббусларни тарғиб қилишга қаратилган фаолиятини холис ва тизимли ёритиб келаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— “Журналистлар — фуқаролик жамиятининг кўзгуси ва элчисидир. Улар орқали ННТлар амалга ошираётган эзгу ишлар ҳақида кенг жамоатчилик хабардор бўлади. Ҳаққоний, холис ва таъсирли материаллар орқали фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ортмоқда. Шу боис, бугунги мукофотлар уларнинг меҳнати ва садоқатини тан олишдир,” — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев.
Шунингдек, мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 26 августдаги ПФ–124-сонли Фармонига мувофиқ, “Олтин қалам” миллий мукофоти доирасида “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалаларини ёритиш бўйича энг яхши материал” номинатсиясининг жорий этилиши ҳам ушбу соҳадаги ОАВ фаолиятининг давлат даражасида эътироф этилаётганининг яққол далили сифатида алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида ННТлар ва ОАВ ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, биргаликда лойиҳалар амалга ошириш ҳамда жамият ҳаётида муҳим ижтимоий мавзуларни ёритиш масалалари келишиб олинди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Ахборот хизмати
+998 90 127-12-00
https://t.me/UzNNTMA1
Веб: www.ngo.uz








