Фарғона шаҳрида Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва «Search for Common Ground» халқаро ташкилоти (АҚШ) ҳамкорлигида “Ижтимоий ўзгаришлар даврида оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда диний бағрикенглик тамойилларини ОАВда кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида урғу берилди.
Қайд этилганидек, динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади. Ҳозирги глобаллашув даврида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти учун ғоят долзарб масалалардан бирига айлангани ҳам сир эмас.
Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшаб келади. Лекин глобал ижтимоий тармоқларда ана шу тотувликка рахна солувчи “нафрат тили”ни қўллаш ҳолатлари учраётгани бор гап. Тадбир давомида ушбу ҳолатлар танқид қилиниб, журналистик материаллар диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.
Қатнашчилар Ўзбекистонда турли динлар илдизлари, тарихи ва бугунги кунда одамлар орасида, ижтимоий тармоқларда бағрикенглик масалалари юзасидан саволлар берди. Семинар қизғин баҳс-мунозарага бой бўлди.