jqtm
Yuklanmoqda...

МЕҲМОНЛАРИМИЗ УЧУН

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ ҲУРМАТЛИ ЎҚУВЧИЛАР!

Сизнинг эътиборингизга “Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази” ННТнинг янги, такомиллаштирилган, замонавий вебсайти – ихтисослаштирилган онлайн платформасини тақдим этамиз. Ушбу сайт саҳифаларида журналистика йўналиши бўйича талабаларни ўқитиш, амалиётчи журналистлар, блогерлар ва Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик билан алоқалар вакилларининг малакасини ошириш мавзусини давом эттирамиз. Тез ўзгариб бораётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёт шароитлари, технология ўзгаришларининг тезлашиши, рақамлаштириш медиа вакилларини ривожлантириш ва тайёрлашнинг барча йўналишларини шиддат билан ўзгартирмоқда. Буларнинг барчаси журналистлар ва блогерларнинг малакасини ошириш, замонавий мультимедиа технологияларидан фойдаланиш бўйича мутлақо янги кўникмаларни ўзлаштириш заруриятини келтириб чиқаради. Оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётида, айниқса, кенг кўламли ислоҳотлар даврида муҳим ўрин тутаётганини инобатга оладиган бўлсак, бу жараёнлардаги барча воқеа ва тенденциялардан мамлакатимиз аҳолисини тезкор ва сифатли, профессионал даражада хабардор қилиш жуда муҳим, албатта.

Журналистлар, оммавий ахборот воситалари мутахассислари, блогерларнинг жамиятни сифатли ва масъулият билан хабардор қилиш малакасини оширишга кўмаклашиш мақсадида сайтимиз ўқувчиларга журналистиканинг турли ихтисосликлари бўйича режалаштирилган ва ўтказилаётган ўқув тадбирлари ҳақида хабарлар тақдим этади, янги дарсликлар ва қўлланмалар билан танишиш имконини беради, амалий ишлар бўйича йўриқномалар ишлаб чиқади ҳамда илғор билим ва тажрибаларни оммалаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ва медиа соҳасида интеллектуал элитанинг малакасини ошириш, миллий журналистиканинг маънавий қадриятлари ва анъаналарини асраб-авайлаш ва юксалтиришга кўмаклашади.

Бугун биз гувоҳ бўлмоқдамизки, замонавий шароитда таълим – бу инсон, шахс, мутахассис ривожланишининг илмий-техник тараққиёти ва жамият эҳтиёжларига, меҳнат бозорининг ўзгарувчан шароитларига мослашган жадал ўзгарувчан муҳитдир. Бу ёш журналистлар ва журналистика факультети талабалари фаолиятига ҳам тегишли. Сайтимизда эълон қилинган материалларда касбий таълим жараёнининг долзарб масалалари, уни меҳнат бозорида рўй бераётган ўзгаришларга мувофиқ қайта форматлаш ҳам ёритилади.

Сайтда жойлаштирилган материаллар нафақат амалиётчи журналистлар, балки илмий-маърифий жамоатчилик вакиллари учун ҳам фойдали ва қизиқарли бўлади, деган умиддамиз. Ҳар бирингизни бизнинг доимий ўқувчимиз бўлишга таклиф қиламиз!

Г.Н. Бабаджанова