Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
27 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ўтказилган тантанали тадбирда мамлакатнинг турли ҳудудларидан фуқаролик жамияти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган 80 га яқин фаол ННТ вакилига эсдалик нишонлари топширилди.
Бу эътироф Журналистларни қайта тайёрлаш маркази учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Марказ қарийб 30 йилдан буён журналистларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, замонавий медиа стандартларини тарғиб қилиш, соҳа вакилларини янги билим ва тажрибалар билан қўллаб-қувватлаш йўлида фаолият юритиб келмоқда.
Гулнора Бобожоновани юксак мукофот билан самимий табриклаймиз! Ушбу эътироф янги лойиҳалар, ташаббуслар ва журналистика ривожига хизмат қиладиган эзгу ишлар учун яна бир кучли рағбат бўлсин.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган юзлаб юртдошларимизнинг хизматлари эътироф этилаётгани қувонарли. Улар орасида медиа ва фуқаролик жамияти вакилларининг ҳам борлиги соҳадаги меҳнатга берилган муносиб баҳодир.








